Тадбир Президентимизнинг ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусини амалга ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.2019 йил октябрь-ноябрь ойларида ўтказилган “Умумтаълим мактабларида 5 ташаббус” фестивалининг мантиқий давоми бўлган фестиваль-танлов ҳафталик шаклда ташкил этилиши белгиланган. Унинг доирасида 6 танлов ва фестиваль ўтказилади.
“Ватанни мадҳ этиш олий саодат” шиори остида хор жамоалари ижросидаги кўрик-танлови 25 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, Меҳрибонлик уйлари ва имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари ўртасида ўтказилади. Кўрик-танловда “Ватан ва баҳор” ҳақидаги қўшиқлар ижро этилади.
“Ёшлик рақси” кўрик-танлови 1 мартдан бошланади. Унда юқори синф ўқувчиларидан иборат умумтаълим мактаблари рақс тўгараклари аъзоларининг 6 нафари (3 нафар ўғил бола, 3 нафар қиз бола) қатнашади. Кўрик-танловнинг мамлакат босқичи Андижон вилоятида ўтказилади.
“Болалар спартакиадаси” миллий ва ҳаракатли спорт ўйинлари бошланиши 25 февралга мўлжалланган бўлиб, умумтаълим мактабларининг 7-11-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилади. Унда миллий ва ҳаракатли ўйинлар намойиш этилади.
“Ёш китобхонлар” кўрик-танлови эса 1 мартдан бошланади. Республика Болалар кутубхонасининг fаcеbооk.cоm ижтимоий тармоғидаги саҳифасида саволлар бериб борилади. Кўрик-танлов шартига кўра 60 номдаги бадиий адабиётлар мутолаа учун уйга вазифа қилиб берилади.
“Қизларжон” кўрик-танловига 25 февралдан старт берилади. Кўрик-танловда 5 ўқувчи-қиз 5 ташаббуснинг ҳар бир йўналишидан иборат шартлар, яъни “Мен истеъдодман”, “Спорт маликаси”, “Техно ташаббус”, “Китобнинг дўстиман”, “Даромадли ошхона” бўйича беллашадилар.
“Обод мактаб” экологик танловида 5 лойиҳа ва акция ташкил этилади. 1 мартдан бошлаб мактаблар ободонлаштирилади ҳамда ўқувчилар дарахтларга шакл бериб, парваришлайди. Шунингдек, мазкур танлов доирасида “Меҳрли гуллар”, “Ўқувчилар боғи” лойиҳалари, “Табиатнинг дўстиман” акцияси, “Ҳашар наволари” медиа танлови ўтказилади.
Фестивалда ҳудудларда жами 2,6 миллион ўқувчи-ёш иштирок этиши кутилмоқда. Мамлакат босқичида 700 га яқин ўқувчи ва ўқитувчилар ғолиблик учун курашади.
Ғолиб бўлган ўқувчи, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасаларига мусиқа жиҳозлари, спорт инвентарлари, компьютер, медиа жиҳозлар, бадиий адабиётлар ва ошхона анжомлари совға қилинади.
Фестиваль жараёнлари ҳақидаги маълумотларни facebook.com ва telegram ижтимоий тармоқларида ташкил этилган “5 tashabbus maktabda” гуруҳи ва каналида кузатиб бориш имконияти мавжуд.