Нукус шаҳрида ноқонуний қурилган уйларнинг бузилиши ортидан уларнинг эгалари шикоят қилиб ижтимоий тармоқларда чиқиш қилди. Тегишли органлар томонидан ушбу масала ўрганиб чиқилганда, бузилган уйларнинг эгалари ер майдонини фирибгарлардан сотиб олганлиги маълум бўлмоқда.
Нукус шаҳри ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган бу фуқаролар Нукус шаҳри “Хожан“ овул аҳоли пунктидан ер майдонларини олган. Ҳокимлик томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан, бу фуқаролар мазкур ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда қурилишлар қурган.
Ўрганишлар давомида ноқонуний қурилиш эгалари ер участкаларини ўзларини “ер участкаларини берувчи орган ходимлари” деб таништирган номаълум шахслардан сотиб олганлигини тан олди. Фирибгарлар ушбу фуқароларга ер участкаларини қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, қурилишларини ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилиб ишончига кириб сотган.
Айни пайтда Нукус шаҳар ҳокимлиги, шаҳар Прокуратура ва Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси билан мазкур ҳудуддаги қатор ноқонуний қурилишлар бартараф қилинган. Фирибгарликда гумонланган фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан ўрганилиб, уларга қонуний чора қўлланиш бўйича тегишли тадбирлар олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилинишини назорат қилиш сектори бошлиғи Исатай Тлеуовнинг таъкидлашича, ушбу ноқонуний қурилишлар Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 90-91 моддалари талаби бузилишига асос бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 212-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган бино олди-сотди қилинмайди, унга мулк ҳуқуқи берилмайди ва қурилган бино фуқаронинг ўзи ҳисобидан бузиб ташланиши керак ҳамда бундай қурилишлар учун компенсация тўланмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввал сайтимизда Нукус шаҳри ҳокимининг қалбаки муҳрини ишлаб, ер майдонларини сотганликда гумон қилинганларнинг тутилганлиги тўғрисида маълумот бергандик.
Есимхон ҚАНОАТОВ, ЎзА