Қониқарсиз фаолият юритаётган амалдорларга маҳаллий кенгашлар томонидан чора кўриш амалиёти жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши депутатлари билан ўтказган очиқ мулоқотида шу ҳақда гапирди.
Парламент юқори палатасининг раиси Танзила Норбоева депутатлар ҳузурида қилган маърузасида маҳаллий кенгашлар олдида Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларига батафсил тўхталди. Вилоят, туман, шаҳар кенгашлари фаолиятини жонлантириш вақти келганлигига алоҳида урғу берилди.
Сайловчиларнинг ишончини оқлашда, Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда барча даражадаги депутатлардан катта масъулият талаб этилади. Энди халқ депутатлари кенгашлари ҳам, уларнинг доимий комиссиялари ҳам ўз иш услубларини тубдан ўзгартиришлари керак. Яқин ва узоқ истиқболдаги вазифалар ижросини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, сайловчилар томонидан сайловолди учрашувларида кўтарилган муаммоларни ҳал этиш билан изчил шуғулланиш уларни иш фаолиятининг бош мезонига айланиши даркор.
5.JPG
Сенат раиси ўз чиқишида энди ҳар ойда маҳаллий Кенгашларда давлат органи раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, қонун, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларни ижро этиш юзасидан масъул идора ва ташкилотларнинг ахборотлари эшитилиб, фаолияти қониқарсиз деб топилган раҳбарларга тегишли чоралар кўриш амалиёти жорий этилиши зарурлигини айтиб ўтди. Президентимиз томонидан Кенгаш сўрови институтини жорий этиш таклифи киритилгани ва бу бўйича ҳам қонунчиликка ўзгартириш киритиш юзасидан ишлар бошлаб юборилганлигини таъкидлади.
– Янги Ўзбекистонни барпо этиш фақат мақсаднинг ўзигина эмас, аниқ ҳаракатларда ўз аксини топаётир, – деди Т.Норбоева. – Сўнгги йилларда эркинлик, очиқлик ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бораётганлигини халқимиз энди ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар самарасидир. Бугунги кунда одамлар эмин-эркин ўз муаммоларини давлат идоралари олдига кўндаланг қўймоқда. Депутатлар ана шу ўзгаришларнинг ташкилотчиси, ташаббускори бўлмоғи керак. Бунинг учун халқ депутатлари кенгашлари катта ваколатларга эга.
Анжуманда, шунингдек, депутат сўрови, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ғамхўрликни ошириш, жойларда депутатлар хонаси фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
6.JPG
Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Нусратулла Пардаев, Холида Алимова, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг аграр, сув хўжалиги ва экология бўйича доимий комиссияси раиси Эркин Эргашев, вилоят Кенгаши депутатлари Абдумажид Сатторов, Талъат Усмонов ва бошқалар маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўзларининг амалий таклифларини билдирди.
Учрашув якунида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Сенат Раиси билан ўтказилган мулоқот халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

 

Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА