Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этишга қаратилган ўзига хос лойиҳа

Президентимизнинг 2020 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига кўра “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур лойиҳа Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Хўш, бу қандай лойиҳа ва у қандай ишлайди, янгилиги нима ва шу каби бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов жавоб беради.
– Марказимиз томонидан амалга оширилаётган “Оролдаги боғим“ агро ва экотуризм лойиҳасининг асосий мақсади бутун дунё вакиллари ва маҳаллий аҳолининг Орол денгизининг қуриши оқибатларини енгиб ўтишда бевосита иштирок этиш ҳиссини уйғотиш ва шу орқали Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга ҳисса қўшишдир, — дейди Н. Мирзамуратов. – Шу мақсадда Ўзбекистон учун ноёб бўлган аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳаси яратилди ва дарахтларни экиш учун маблағ йиғиладиган краудфандинг (аҳоли молиялаштируви) платформаси ишга туширилмоқда.
Бунда ҳар бир иштирокчи дарахтларни хоҳлаган миқдорда сотиб олиб Марказ қошидаги “Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш участкасидан ажратилган жойга экиши мумкин. Марказда ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилади.
Боғ доимий қўриқланади, дарахтларга ўзимиз ғамхўрлик қиламиз ва бундан ташқари, ҳар бир экилган кўчатни парвариш қилиш, суғориш, ўғитлаш ишларига ҳам ўзимиз масъулмиз. Бу ерга келган туристлар хайрия қилишлари ҳам мумкин. Туристлар ва фуқаролар томонидан хизматларни тўлаш қулайлиги учун марказда Uzcard, Viza, Mastercard тўлов терминаллари ўрнатилади ва қўшимча равишда тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш учун шароитлар яратилади. Айни пайтда Марказнинг ўзида тўловни амалга ошириш мумкин.
Марказда сайёҳларнинг умумий электрон маълумотлар базаси бўлади. Умумий маълумотлар базасига сайёҳлар тўғрисида маълумот (исм, фамилия, мамлакати, кўчатлар номи, туғилган сана, электрон почта манзили) киритилади. Лойиҳа иштирокчиларига кўчатлар бўйича молиявий, фото ва видео ҳисоботлар электрон кўринишда доимий равишда тақдим этилади. Бир йил ўтгач, марказга ташриф буюрадиган сайёҳлар ўз кўчатларини Орол денгизи ҳудудига кўчириб ўтказишлари мумкин, агар ташриф буюришнинг иложи бўлмаса, марказга кўчатларни Орол денгизининг қуриган тубига трансплатация қилишлари мумкинлиги ҳақида хабар юборишади.
Биз 2020 йилда 100 минг туп дарахт экишни мўлжаллаяпмиз. Дарахтларни экишда сувни тежайдиган технологиялар қўлланилади.
Чўл ўсимлигининг 1 туп кўчатини экишга атиги 1 доллар сарф қилинади, манзарали дарахтни экиш учун эса 5 доллардан 20 долларгача харажат қилиниши мумкин.
Бу лойиҳага ҳамма истовчилар иштирок этиши мумкин, агар бу ерга келиб дарахт экиш имконияти бўлмаса 1 доллар эҳсон қилса ҳам бўлади. Ҳозирда эҳсон учун www.aralforest.org платформасини яратмоқдамиз ва февраль ойи охирига қадар сайт иш тўла ишга тушади ва кейин иштирокчилар шу платформа орқали эҳсон қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил қилинди. Марказнинг асосий вазифалари Орол денгизи қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан инновация ва ерларнинг шўрланган ҳудудда экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш, тажриба учун экспериментал майдонларни яратиш, технологик трансфер ва шўрланиш шароитида тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, ушбу соҳада давлат-хусусий секторлар ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги халқаро инновацион ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш ҳисобланади.
Марказ ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Оролбўйи ҳудудида инновацияларни қўллаб-қўвватлаш” жамғармаси ташкил этилди.
Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан марказнинг идораси, лаборатория, 10 кишига мўлжалланган замонавий меҳмонхона қурилиши ва илмий-тадқиқот тажрибаларини олиб бориш мақсадида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 24,34 гектар ер майдони ажратиб берилди. Оролбўйи халқаро инновация марказига ажратилган бинонинг ҳозирги пайтда қурилиш ишлари якунланди. Марказ ўз фаолиятини янги замонавий иморатда олиб бормоқда.
Мўйноқ туманининг “Тикўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан Оролбўйи иқлимига мослашган чўлга ва шўрга чидамли ўсимликларни экиш ва тажриба синов майдончасини ташкил қилиш мақсадида 20,3 гектар ер майдони ажратиб берилди. Участкада 14,7 гектар майдонда шўрга ва чўлга чидамли, кенг баргли, бута ҳамда мойли ўсимликлардан иборат жами 24 турдаги ҳар хил ўсимликларнинг уруғлари, кўчатлари ва қаламчалари экилиб, яхши натижаларга эришилди.
Шунингдек, Оролбўйи халқаро инновация марказининг Нукус тумани “Саманбай” участкасида ҳам дарахт ва бошқа экинларни жойлаштириш бўйича қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Марказ томонидан бугунги кунда, маҳаллий ва хорижий илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва бир қатор халқаро ташкилотлар билан ўзаро англашув, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳамкорлик қилиш бўйича жами 23 та меморандум имзоланди. Ҳозирги кунда Марказ томонидан Япониянинг “OYO Corporation” корпорацияси, “Қурғоқчил ерлар (арид) илмий-тадқиқот Маркази” (Тоттори университети, Япония), Япониянинг Киото университети, Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги давлат университети ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда турли соҳалар бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда. Канаданинг маҳаллий ташаббуслар фонди (CFLI) билан ҳамкорликда “Оролбўйи аҳолисининг атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича хабардорлигини оммавий ахборот воситалари ёрдамида ошириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда Марказ томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига, шунингдек экология ва туризм йўналишига инновацион усулларни татбиқ этиш бўйича маҳаллий ва хорижий давлатлар тажрибалари чуқур ўрганилмоқда ва келажакда ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Янги қарорнинг қабул қилиниши Президентимизнинг Оролбўйидаги экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга, айниқса, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини янада кўтаришга бўлган юксак эътиборидан дарак беради.
Қарорда асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг молиявий ва моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, унинг тажриба-синов майдонларини кенгайтириш ҳамда тузилмасини такомиллаштириш, Оролбўйи ҳудудида инновацион ва илмий ишланмаларни янада кенгроқ жорий этиш масалаларига катта диққат қаратилган.

 

Есимхон ҚАНОАТОВ, ЎзА