Коррупцияга қарши таҳлилий-танқидий материаллар ёзган журналистлар тақдирланди

Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда ўтган йил давомида марказий ва маҳаллий ОАВда “Коррупцияга қарши курашиш” мавзусида таҳлилий-танқидий материаллари билан фаол иштирок этган журналистлар, блогерлар тақдирланди.
Коррупция мавзусини ёритишда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган таҳлилий-танқидий мақолалари учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори Дилрабо Қурязова ғолиблар қаторидан жой олди.
“Коррупция жинояти бугунги кунда барча мамлакатлар тараққиёти ва уларнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, ҳаммани бирдек ташвишга солиб келмоқда. Айтиш жоизки, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу каби тадбирлар эса албатта, журналистларнинг янада фаол бўлишига, республикамизда коррупция жиноятининг сони камайишига, аҳоли ва давлат органлари ходимларининг қонунга итоаткорлик кайфиятини оширишга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти шаклланишига хизмат қилади, дейди Д.Қурёзова.
Тадбирда коррупцияга қарши курашишда давлат ташкилотлари билан журналистларнинг ижодий ҳамкорлиги, қонунчилик ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

 

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА