Аффинаж фаолияти: Энди янги тартибдаги лицензия асосида амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аффинаж фаолиятини лицензиялашни тартибга солиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб ушбу фаолият тури Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси берадиган лицензия асосида юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали томонидан тақдим этилиши белгиланган.
Аввал берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига эга юридик шахслар мазкур ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар лицензия олмасдан фаолият юритишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “аффинаж” металлургия саноатида кенг қўлланиладиган атама бўлиб, баъзи оғир металларни турли аралашмалардан тозалаш жараёнини англатади.

 

ЎзА