Мулоқот чоғида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. ЖСТ делегацияси раҳбари Ўзбекистон сўнгги йилларда ушбу йўналишда эришаётган салмоқли натижалар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганини қайд этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, юртимизда деярли бутун аҳоли вакцинация билан қамраб олинишига эътибор қаратди.
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида глобал хавф-хатарлар тобора кучаймоқда. Айниқса, Хитойда авж олаётган коронавирус хуружи жаҳон соғлиқни сақлаш тизими олдига жиддий хатарларни қўймоқда. Сенат Раисининг ЖССТ делегацияси билан учрашувида ушбу масалага ҳам эътибор қаратилди.
Ханс Клюге глобал таҳдид ва хавф-хатарлар ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистонда короновирусга қарши тизимли ишлар олиб борилаётганига урғу берди. Бу шубҳасиз, Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасида жиддий чоралар кўрилаётганини англатади. Ўзбекистон безгак, полиомиелит ва бошқа касалликларга тўлиқ барҳам бериш борасида ҳам эришилаётган ютуқлар ЖССТнинг тегишли сертификатлари билан тасдиқланганини эслаш жоиз.
Учрашувда парламент билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга эътибор қаратилди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган халқаро стандартларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш имконини беради.
БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан, ЖССТнинг “Хавфсиз оналик” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, касалликлар профилактикасини кучайтириш соҳасида ҳамкорлик қилиш устуворликлари ҳам муҳокама этилди.