Ўзбекистон байроғи илинган улкан ҳаво шари учирилиши кутилмоқда

Бир томонда ретро автомобиллар, стимуляторли спорт машиналари, мотоцикллар намойиши… Иккинчи томонда сўнгги авлод роботлари, энг янги ихтиролар, инновацияон ғоялар ва стартап лойиҳалар кўргазмаси… Яна бир томонда эса таниқли спорт усталаридан ўзига хос маҳорат сабоқлари…
Жорий йил 7 февраль куни пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилаётган ватанпарварлик фестивали дастури ана шундай қизиқарли томоша ва тақдимотларга бой. Тадбир учун “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз” шиори танланган. Ўша куни фестиваль манзили — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Hyatt Regency” меҳмонхонаси олд майдони ҳамда “Ёшлар ижод саройи” йигит-қизлар билан ҳар қачонгидан гавжум бўлади.
Президентмизнинг 5 муҳим ташаббуси доирасидаги ушбу тадбирлар китоблар кўргазмаcи, ёш ижодкорлар асарлари тақдимотлари, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокидаги ижодий учрашувлар ва мушоираларни ҳам қамраб олган.
Бу ерга келганлар тасвирий санъат бўйича маҳорат дарсларига ҳам гувоҳ бўлишади. Қолаверса, бокс, қиличбозлик, қўл жанги, камондан ўқ отиш майдонлари ташкил этилиши баробарида, иштирокчилар скейт, роликда учиш ва бошқа замонавий спорт турлари бўйича чиқишлардан баҳраманд бўладилар.
Ўзбекистон байроғи илинган катта ҳаво шари учирилиши — тадбирнинг энг қизиқарли ва таассуротларга бой томошаси бўлиши кутилмоқда.

 

ЎзА