Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди​

Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавров 15-16 январь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 16 январь куни Ўзбекистон ва Россия ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавровнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабати муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Мулоқотда бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув сўнггида Ўзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Юксак мартабали меҳмон шу куни Москва давлат халқаро муносабатлар институти Тошкент филиали жамоаси билан ҳам учрашди.

Мазкур олий ўқув юртида таҳсил олган С.Лавров сермазмун ва шарафли йўлни босиб ўтган таълим даргоҳининг собит анъаналари Ўзбекистонда давом этаётганидан ғоят мамнунлигини изҳор қилди.

Бугунги кунда юртимизда Россия Федерациясининг 8 та олий ўқув юрти филиали очилган. Йил сайин ривожланиб бораётган ўзаро муносабатлар негизида таълим соҳасидаги ҳамкорликни юқори чўққиларга олиб чиқиш имконияти мавжуд.

Сергей Лавров мазкур филиалда ўқиётган талабалар олган билим ва кўникмаларидан фойдаланиб, келгусида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Россия билан дипломатик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Бўлғуси дипломат-талабалар, профессор-ўқитувчилар, ОАВ ходимлари билан қизғин мулоқот қилди, уларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА