Хўжайлида мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 4-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, Болалар мусиқа ва санъат мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларини моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур мактабда бугунги кунда жами 177 нафар ўқувчи халқ чолғу созлари, фортепиано, анъанавий ва эстрада хонандалик, торли чолғулар, хореография, тасвирий ва амалий санъат, академик ашулачилик каби йўналишларида таълим олмоқда. Уларга 29 нафар мутахассис ўқитувчи дарс беради.
Болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси “Регионал индустриал инвест” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли қуриб битказилиб, янги йил байрами арафасида совға қилинди. Санъат мактабида 2 миллиард 464 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.
Янги бинода ўқувчиларнинг миллий мусиқа сирларни ўрганиши, иқтидори ва маҳоратларини оширишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
5.jpg
Мактаб тарбияланувчилари Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимиз миқёсида ўтказилиб келинаётган турли санъат фестиваллари, ижодий танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Нукус шаҳрида ўтказилган М.Қори Ёқубов номидаги кўрик-танловда мактаб ўқувчиларидан Б.Алламберганов, Э. Матякубов ва Е.Узоқбергановлар иккинчи, Х. Қалбоев ва Ж.Жуманиязовлар учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, “Ёш ансамбль ва оркестр ижрочилари” кўрик-танловида мактабнинг халқ чолғу созлари, фольклор ва “Шодиёна” доирачилар ансамбллари совринли ўринларни эгаллади. Бундай ёш истеъдодлар сафи кўпчиликни ташкил этади.
Тадбир иштирокчилари янги бинода ўқувчилар учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди. Мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга ўзгача файз бағишлади.

 

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА