“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар”: Халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён бошланди

Бугун, 22 декабрь тонги ҳар қачонгиданда файзли бошланди. Эрта тонгдан ҳамюртларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда муносиб номзодга овоз бериш учун ўз сайлов участкаларига ошиқмоқда.
Бу йилги сайловлар Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган янги Сайлов кодекси асосида мутлақо янгича руҳда ўтмоқда. Жумладан, сайловларда 5 та партия иштирок этмоқда. Сиёсий жараёнда иштирок этиш учун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси учун тенг имкониятлар яратилган. Ислоҳотларимизга ҳамоҳанг халқимиз фаоллиги ҳам кузатилмоқда.
Яна таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид қонуннинг имзоланиши мамлакатимиз миллий сайлов тизимида янги даврни бошлаб берди. Бу йилги сайловларнинг янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётгани бу жараённи умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишда муҳим омил бўлмоқда.
Шу маънода сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтаётгани ҳам янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Зеро, бугун халқимиз келажакка ишонади.
Шу ўринда бу йилги сайловлардаги айрим янгиликларга тўхталиш ўринли. Авваллари фуқароларнинг овоз бериш тартиби чегаралаб қўйилган, яъни сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга фақат битта белги қўярди. Янги Сайлов кодексида фуқароларнинг овоз бериш имкониятлари янада кенгайтирилиб, сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга учта – “+” ёки “˅” ёхуд “х” белгисидан бирини қўйиш имкониятига эга бўлди.
Маълумотларга кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 503 минг 462 нафарни ташкил этган. Улардан 10 миллион 147 минг 772 нафари эркак, 10 миллион 355 минг 690 нафари аёл сайловчилардир. Сиёсий жараёнларда 2 миллион ёш ўзининг Конституциямизда белгилаб қўйилган сиёсий, яъни овоз бериш ҳуқуқидан биринчи маротаба фойдаланади.
Сайловчиларнинг 1 миллион 721 минг 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55 сайлов участкасига бириктирилган. Қолган қисми республикамиз ҳудудидаги 10 минг 260 сайлов участкасидан бирида овоз беради.
Жорий йил сайловларда Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ илк маротаба хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ва консуллик идораларидаги 55 сайлов участкасидан ташқарида, агар ўша давлат сайлов қонунчилиги ва мутасадди давлат органлари бунга розилик берган бўлса, хориж давлатларида гавжум ҳолда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ишлаш, ўқиш, яшаш жойларида, муассаса, корхона ёки савдо ташкилотларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилди.
Ватандошларимиз қаерда бўлишидан қатъи назар ўзларининг конституцион ҳуқуқидан фойдаланиши учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Хориждаги участка сайлов комиссиялари сайловчилар зич яшайдиган, ишлайдиган ёки ўқийдиган жойларда кўчма сайлов қутиларида сайёр тартибда муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилди.
Маълумотларга кўра, мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ташкил этилган 55 сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ 12 декабрдан то 18 декабр соат 18.00 га қадар сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилди.
Мамлакатимиз бўйича 59 минг 226 сайловчи ҳамда хорижий давлатларда 89 минг 807 сайловчи-ватандошларимиз муддатидан олдин овоз берган. Бу мамлакатимиз тарихидаги миллий сайлов тизимида хорижий давлатларда илк бора муддатидан олдин овоз бериш жараёнининг уюшқоқлик билан ташкил этилгани самарасидир. Бугунги сайловларда ҳам хориждаги ватандошларимиз ниҳоятда фаол ва кўп сонли иштирок этиши кутилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида изчил ишлар олиб борилди.
Жорий сайловларда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими илк маротаба мамлакат миқёсида қўлланилмоқда. Ушбу тизимларнинг асосий мақсади сайловчиларнинг ҳисобини юритиш ва уларни автоматик равишда сайлов участкаларига, участкаларни эса сайлов округларига тақсимлаш ҳамда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини амалда татбиқ қилиш ҳисобланади. Ушбу тизим Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ўздавергеодезкадастр қўмитаси маълумотлари асосида шакллантирилган. Хусусан, фуқаронинг турар жойи манзили ҳақидаги маълумот Ички ишлар вазирлиги томонидан, фуқаронинг биографик ва чет элга чиққанлиги ҳақидаги маълумотлар Давлат персоналлаштириш маркази томонидан, округ ва участка сайлов комиссияларининг электрон хариталари Ергеодезкадастр давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган.
Бу йилги сайловларда ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун биринчи марта брайль ёзувидаги бюллетенларда овоз бериш ташкил этилаётир. Шу билан бирга, ҳудудларда рўйхатга олинган ёши улуғ инсонлар, ногиронлар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга уй шароитида овоз бериш имконияти яратилган. Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол ва тенг иштирок этишини таъминлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган конструктив ташқи сиёсат самарасида хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Буни бўлиб ўтаётган сайлов жараёнларида иштирок этаётган кўп сонли халқаро кузатувчилар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Марказий сайлов комиссияси томонидан жами 825 хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари аккредитациядан ўтказилди ва уларга мандатлар топширилди. Улар 9 халқаро ташкилот ва 41 хорижий давлат вакилларидир.
Тараққиётнинг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда парламент сайловлари мутлақо янги руҳда ўтаётгани Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг кузатув миссияси томонидан алоҳида эътироф этилган.
МДҲ кузатув миссиясининг оралиқ ҳисоботида барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларини каскад усулида ўқитиш, сайлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳоли ўртасида сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш, ногиронларнинг, чет элда яшайдиган Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ижобий баҳоланган.
Шунингдек, 12 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловларни кузатиш миссияси Оралиқ ҳисоботида миссия томонидан сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш, давлат бошқарувини модернизациялаш бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этиб ўтилган.
Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ўтказиш тартиби ва муддатларига амал қилиш, комиссиядаги аёллар сони ортиши, сайлов жараёнларини бошқаришда замонавий ахборот коммуникацион технологияларини жорий этиш, сайловчиларнинг хабардорлигини ошириш ва сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитишдаги ижобий натижалар ҳам алоҳида қайд этилган.
Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши, фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги парламент ва янги маҳаллий Кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу мамлакат тараққиётини белгилайдиган муҳим сиёсий жараёндир.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА