Қизилмия – фойдали ва сердаромад

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Кегайли туманига медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 февралдаги “Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ҳамда саноат усулида қайта ишлашни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни “Lanko Miya” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси фаолияти мисолида кўриш мумкин.
Тадбир иштирокчилари корхона фаолияти билан танишди. Умумий қиймати 6 миллион 900 минг доллар бўлган корхонада қизилмия экстракти ишлаб чиқарилмоқда.
– 2017 йилда қурилиш ишлари бошланган бўлса, жорий йилда дастлабки маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмаси раиси Мурод Гаипов. – Асосий харидор Хитой, Германия давлатлари ва АҚШнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Йилига 500 минг тонна қизилмия экстрактини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада бугунги кунда 220 нафар киши, асосан ёшлар меҳнат қилмоқда. Ишчилар махсус кийим ва иссиқ овқат билан таъминланган. Уларнинг ишга келиб-кетиши учун транспорт ажратилган.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилган. Маҳсулотлар корхонанинг 100 минг доллар қийматидаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториясида текширилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қизилмия экстрактини олишдан чиққан чиқиндилардан экин майдонларини юмшатиш, шўрини олишда фойдаланиш мумкин. Бу эса фермер хўжаликларида ҳосилдорлик ортишига хизмат қилмоқда.
Келажакда қизилмия экини экиш, чиқиндиларни қайта ишлайдиган янги цехлар ташкил этиш, шу орқали янги иш ўринларини яратиш назарда тутилмоқда.
Медиа-тур иштирокчилари “Кегайли-қоғоз” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ҳам бўлди. Умумий қиймати 5 миллион доллар бўлган корхона 2018 йилда фойдаланишга топширилган. Жами 70 нафар киши иш билан таъминланган корхонада бугунги кунда салфетка ва хўжалик қоғози ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида эса офис учун мўлжалланган ўлчамлардаги қоғоз ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА