Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифини Оролбўйи аҳолиси ҳам катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда .
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) мамлакатимиздаги ваколатхонаси ўртасидаги келишувга мувофиқ ушбу агентлик волонтёрлари Цутами Курия ва Юи Кобаяши хоним 2014-2016 ва 2016-2018 йиллар мобайнида Нукус шаҳридаги 31-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби фаолият олиб борди.
Улар муассасада япон тилини ўргатиш бўйича тўгарак ташкил этди. Ўқувчиларга информатика фани бўйича сабоқ берди. Ўз навбатида Япония маданияти, тарихи, урф-одатларини ўргатиш билан бирга, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг урф-одатларини ўрганди. Айниқса, Цутами Курия дуторда қорақалпоқ халқининг миллий қўшиқларини маҳорат билан ижро этган.
– Президентимиз Токиодаги Акасака қароргоҳида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаокани қабул қилиб, турли соҳаларда, шу жумладан таълим соҳасидаги лойиҳаларни ўз ичига олган янги дастур бўйича ўзаро келишувга эришгани бизни янада қувонтирди, – дейди Нукус шаҳридаги 31-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби директори Венера Қаленова. – Ўқувчиларимизнинг Япония маданиятига, тарихига ва тилига қизиқиши катта.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети чет тиллари факултети талабаларига ҳам япон тилини мукаммал ўрганишлари учун имконият бор. Бу эса келгусида бу ерда таълим олган ёшларга Япониянинг замонавий технологиялари, илғор тажрибалари, маданияти ва тарихи бўйича изланишлар олиб боришига имкон беради.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи маданияти, урф-одати бир-бирига яқин бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА