Чегараларда МИБдан қарздорликни ечиш мумкин бўлади

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ва Марказий банк вакиллари иштирокида бўлиб ўтган “Жисмоний шахсларнинг ҳисоб рақамларига қўйилаётган тақиқ масалалари” мавзусидаги брифингда Бюро раҳбари Ш. Ҳайдаров маълум қилди. 
Ҳозирда МИБ Марказий банк ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларига тақиқ қўйиш ва “блокдан” чиқариш масалаларини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Бунда автоматлаштирилган электрон платформа йўлга қўйилиб, қарздорлик бартараф қилингач, тақиқ электрон тарзда ечилади, фуқаролар турли инстанция, идора ва ташкилотларга мурожаат қилиб сарсон бўлмаслиги таъминланади.
Ўзбекистон Республикасидан чиқаётганда, халқаро аэропорт ва темирйўл вокзалларида фуқароларнинг қарздорлик ҳақида маълумотга эга бўлган заҳоти уни жойида бартараф қилиш имконияти яратилмоқда. Яъни қарздор одам, чегаранинг ўзида ўрнатилган кассаларда ёки мобил телефони орқали қарзини тўлагандан кейин, бемалол кетаётган манзили томон давом этаверади. Масалан илгари турли сабабларга кўра қарздорлик ҳолатларида четга чиқиш муаммолироқ эди, Коммунал хизматлардан 100-200 минг сўмлик қарздорлик ҳам, фуқароларнинг чет элга чиқишларида тақиқ қуйилишига сабаб бўлиб, МИБ “Справка”сиз ёки тақиқ ечилмаганидан сарсонгарчилик ҳолатларини келтириб чиқарарди.
Шунингдек, банк муассасалари билан қарздорларнинг банкдаги банд солинган маблағларини қарздорлиги учун мутаносиб равишда ечиб олиш бўйича таклиф-режа ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади. Яъни қарздорнинг 50 минг сўмлик қарзи сабаб, пластик картасидаги барча маблағларни тасарруф этишга банд солинмайди.
Матбуот анжуманида, Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов; mib.uz сайтида ҳар бир фуқаро паспорт маълумотлари ёзиб, ўзининг қарздорлиги ҳақида маълумот олиши мумкинлигини қайд этиб ўтди.
Шунингдек, МИБ ходимлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ва бошқа зиддиятли масалаларга аниқлик киритиш мақсадида Бюронинг 1107 қисқа рақамли ишонч телефони ишга туширилган

 

Шуҳрат НЕЪМАТОВ, ЎзА