​Сайлов – 2019: Халқаро матбуот марказида брифинг​

Халқаро матбуот марказида 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни очиқлик принципларига риоя қилган ҳолда уюшқоқлик билан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Истамов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари С.Ортиқова сайлов жараёни билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Жорий йил қабул қилинган янги Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, 12 декабрь куни муддатидан олдин овоз бериш бошлангани маълум қилинди.

Таъкидланганидек, муддатидан олдин овоз бериш жараёнининг биринчи кунида 10 минг 260 сайлов участкасида 1036 сайловчи овоз берган. Муддатидан олдин овоз бериш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятларида энг юқори кўрсаткич (159 сайловчи) қайд этилган бўлса, энг кам кўрсаткич Самарқанд вилоятида (10 сайловчи) қайд этилган.

Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик идораларида тузилган 55 сайлов участкасида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланган.

Хориждаги участка сайлов комиссиялари 12 декабрда Ўзбекистон фуқаролари зич жойлашган ҳудудларда сайёр сайловларни ташкил қилди. Овоз бериш жараёнида чел эллардаги 9 минг 308 нафар Ўзбекистон фуқароси қатнашди. Муддатидан олдин овоз бериш жараёни 18 декабрь соат 18:00 гача давом этади.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари шу кунга қадар сайловчилардан турли мазмундаги 338 мурожаат келиб тушганини билдирди. Мурожаатларнинг энг кўпи Сурхондарё вилояти, энг ками эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилояти ҳиссасига тўғри келади. 86 фуқаро жойларда ўтиши белгиланган сайловларга ноқонуний аралашиш ҳолатлари кузатилгани ҳақида хабар берган. Мурожаатлар орасида номзодларнинг сайловолди дастурлари, шунингдек, турли ижтимоий, суд-ҳуқуқ соҳаларига оид масалалар бўйича саволлар кўп учрайди. Аҳамиятлиси, юртдошларимиз сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга доир ўз таклифларини ҳам билдирган.

Марказий сайлов комиссияси вакили томонидан МДҲ кузатувчилар миссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг халқаро кузатувчилар миссияси Ўзбекистондаги сайловлар ҳақида оралиқ ҳисобот тақдим этгани маълум қилинди.

Ҳа, икки ҳисоботда мамлакатимиздаги сайловлар ҳақида ижобий муносабат билдирилган. Масалан, номзодлар таркибида аёллар сони кескин ортгани, жараёнга ахборот технологиялари кенг жорий этилгани, Сайлов комиссияси ходимларини ўқитиш бўйича намунали тизим йўлга қўйилгани ва бошқа жиҳатлар эътироф этилган.

Шу билан бирга, сайлов билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишлари кенг йўлга қўйилган бўлса-да, сиёсий партиялар, номзодлар ўртасидаги рақобат юқори даражада эмаслиги, ҳудудлардаги тарғибот даражаси қониқарсиз экани, оммавий ахборот воситаларида номзодлар тақдим этган дастурлар етарлича таҳлил этилмаётгани, мазмун-моҳияти ҳақида аҳолига етарли маълумот берилмаётгани танқид қилинган.

Брифингда журналистлар томонидан жойларда номзодлар ҳақидаги маълумотларнинг етарли эмаслиги, қишлоқ жойларида ташкил этилган сайлов участкаларида интернет билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА