Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот​

2019 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Кенгаш мажлисини очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда белгиланган долзарб масалаларнинг амалга оширилиши борасида сенаторларнинг масъулияти ҳақида тўхталиб ўтди.
МажлисдаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисини жорий йил 14 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда сенаторлар мамлакатимиз демократик тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда муҳим масалаларни муҳокама қилади. “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.
Бундан ташқари, Сенат аъзолари нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонунларни муҳокама қилади.
Сенаторлар томонидан Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, Навоий вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.
Сенаторлар сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг йигирма бешинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Кенгаш томонидан Сенат қўмиталарига ялпи мажлисда муҳокама учун масалаларни тайёрлашда ҳудудий манфаатларни ҳимоя қилиш, ҳудудлар аҳолисини ташвишга солаётган муаммоларни очиб бериш, шунингдек, уларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти органлари учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати

 

ЎзА