Инсонпарварлик тамойилларига асосланган Асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигига ҳам мана йигирма етти йил тўлмоқда. Албатта, инсон манфаатлари устувор бўлган юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватан, халқ учун жони-жаҳонини фидо қилишга доимо тайёр бўлади.

Ўтган давр мобайнида Конституциямиз республика мустақиллигининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда, барча соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шу билан бир қаторда давр синовларидан муваффақиятли ўтиб, мустақиллигимизнинг ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг чинакам кафолатига айланди. Қомусимизда биринчи навбатда, шахс манфаати давлат манфаатидан устун ғоясига асос солинган бўлиб, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилди. Конституциямизда фуқароларнинг тенглиги, эркинлиги ва дахлсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият эканлиги, ҳар қандай қонунга хилоф тажовузлардан муҳофаза қилиниши, қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олинмаслиги ёки қамоқда сақланмаслиги, қийноққа солинмаслиги каби энг муҳим ва мухтасар қоидалар қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.

Конституциямизда белгиланган нормаларга ҳамоҳанг ҳолда ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг яхлит тизими яратилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг узлуксиз тизими барпо этилди, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш тизими ишлаб чиқилди, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг нодавлат тизими, фукаролик жамияти институтлари фаол ривожлантирилди ҳамда бу соҳада самарали халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Конституциявий-ҳуқуқий тараққиётимизнинг яна бир муҳим жиҳати – давлатимиз ривожланишида инсонпарварлик тамойиллари тобора мустаҳкамланиб, жиноий жазоларни либераллаштириш, ижтимоий адолат, жазонинг муқаррарлигини таъминлашга эришиш борасида салмоқли ютуқларга эришганимиздир. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати сифатида намоён бўлади.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017 йил 6 апрел ва 31 майда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунлар Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидаларни ўзида мужассам этди.

Юқоридаги қонунлар асосида Конституциямизнинг 80, 81, 83, 93, 107, 108, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Конституциямизга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди, Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилди, маъмурий судлар ташкил этилди ҳамда Конституциявий суд ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Хусусан, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг берган мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Қонун меъёрларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг сифат ва самарадорлигини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мустаҳкамлаб қўйилди. Бинобарин, буларнинг барчаси бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Ҳаракатлар стратегиясида айнан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Зеро, одил судловни оғишмай амалга оширишда, фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари бўйича адолатли қарор қабул қилишда бунинг аҳамияти беқиёс.

Мухтасар айтганда, инсон ҳуқуқларига оид халқаро принцип ва стандартларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ва принциплари миллий қонунчилик негизини ташкил этди ҳамда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг барқарор ҳуқуқий асосларини яратишда мустаҳкам пойдевор бўлди.

А.СЕЙТАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Нукус тумани судининг раиси.