ЕХҲТ экспертлари Ўзбекистонда

Сайлов – 2019 
2019 йилнинг 23 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайлов жараёнларини кузатиш бўйича тўлақонли миссияси жорий йил 22 декабрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди.
Миссияни италиялик Каэтана Де Зулуэта Оутрам бошқармоқда. Миссия таркибидан сиёсий, сайловлар, юридик ва ОАВ масалалари бўйича экспертлар ўрин олган.
Халқаро кузатувчилардан иборат делегация аъзолари Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти билан учрашди.
Учрашувда мамлакатимизда сайлов қонунчилиги халқаро стандартлар ва ижобий хорижий амалиётга мувофиқ такомиллаштириб борилаётганлигига алоҳида урғу берилди. Бу борада сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сайлов комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, республикада сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. Рўйхат асосида Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими жорий этилди. У ўз ичига бир қатор вазифаларни қамраб олган. Жумладан, бу тизим фуқароларни сайлов участка комиссияларига тақсимлаш, сайловчи ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштириш имкониятини беради.
Жорий йилги сайловларда 20 миллион 600 мингга яқин сайловчининг овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 2 миллиондан ортиғини биринчи марта сайловда қатнашадиган ёшлар ташкил этади.
Қолаверса, жорий йилда мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ишлаб чиқилиб, қабул қилингани, ушбу муҳим ҳужжат лойиҳаси 50 дан ортиқ давлат сайлов қонунчилигини таҳлил этган ҳолда ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилгани айтиб ўтилди.
Жорий йилнинг июль ойида Марказий сайлов комиссияси юртимизнинг муҳим сиёсий тадбирни очиқ ва ошкора, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқ равишда ўтказишга тайёрлигини инобатга олиб, халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда, ЕХҲТ ДИИҲБни сайловолди вазиятни ва бўлажак сайловларга тайёргарликнинг боришини баҳолаш учун таклиф этган эди. Ўшанда Республикамизда бўлган ЕХҲТ ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ)си мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Хусусан, Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссиянинг ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида, шу жумладан, валютани тартибга солишни либераллаштириш, виза режимини соддалаштириш ва қўшнилар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, бир қанча сиёсий маҳбусларни озод этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи кенг кўламли миссияни жўнатиш учун асос бўлиши таъкидланган.
Ҳисоботда сайловлар сайлов қонунчилиги сезиларли даражада янгиланган шароитда ўтиши алоҳида кўрсатилган. Ўзбекистон томонидан жазони ўташ жойларида сақланаётган айрим тоифадаги шахсларнинг сайловларда иштироки борасидаги чекловларнинг олиб ташлангани, тўғридан-тўғри сайлов принципларига зид бўлган Қонунчилик палатасидаги ўринлар учун квоталар институтининг бекор қилингани ва ЕХҲТнинг яна бошқа бир қатор тавсиялари бажарилгани ижобий баҳоланган.
Қайд этиш лозим, мамлакатимизга ташриф буюрган сайловни кузатиш миссияси сайловни баҳолашда ЕХҲТ мажбуриятлари, демократик сайлов ўтказилишининг халқаро стандартлари ва талаблари ҳамда миллий қонунчиликка таянади.
Кузатувчилар сайлов кампанияси тадбирларини, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилиш жараёнларини кузатади. Экспертлар сайлов тадбирлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишини мониторинг қилиб боради.
Кузатувчилар чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси қатнашган аввалги парламент сайловларидан фарқли тарзда, бўлажак сайловларда уч юзга яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда. Сайлов куни кузатувчилар сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш жараёни, овозларни санаш ва унинг натижаларини тақдим қилиш жараёнларини кузатади.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА