Марказий Осиёда кўп томонлама иқтисодий ҳамкорлик механизмлари такомиллашмоқда​

Тошкентда 14 ноябрь куни Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг вазирлар даражасидаги 18-конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда дастурга аъзо 11 давлатнинг молия, ташқи ишлар, иқтисодиёт, инвестиция ва савдо соҳалари вазирлари, халқаро молия институтлари, ҳамкор давлатлар делегациялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Р.Ғуломов ўқиб эшиттирди.
1.jpg
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.Ғаниев, конференция раиси, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао сўзга чиқди.
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури транспорт инфратузилмаси, божхона ҳамкорлиги, савдо сиёсати ҳамда энергетика соҳасида минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Дастур доирасида ўтган даврда устувор йўналишларда ўзаро мулоқотни фаоллаштириш бўйича қатор ташаббуслар амалга оширилди. Хусусан, 2001 йилдан буён жами 37 миллиард долларга тенг 200 та лойиҳа молиялаштирилди.
3.jpg
Жорий йилда дастурга Ўзбекистон раислик қилмоқда. Мамлакатимиз раислиги даврида тузилма фаолияти доирасидаги тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Энергетика, транспорт, савдо ва божхона соҳаларида илғор тажрибани қўллаш, Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагини жалб қилиш, иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилди.
Минтақада иқтисодий-ижтимоий ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилаётган дастурнинг узоқ муддатли янги стратегияси бундан икки йил олдин қабул қилинган. Конференция давомида дастур котибиятининг бош амалиёт кластери, стратегия мақсадларини рўёбга чиқариш бўйича ахбороти тингланди.
Анжуманнинг шўъба мажлисларида транспорт ва энергетика стратегиялари, уни 2030 йилгача амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик иқтисодий воқеалар, жараённинг дастурга аъзо мамлакатларга таъсири кўриб чиқилди.
4.jpg
Жорий йил транспорт ва энергетика тармоқларини ривожлантириш дастурларини 2030 йилгача мўлжалланган стратегиянинг умумий йўналишлари билан уйғунлаштириш ва иштирокчи давлатлар эҳтиёжининг ортиб боришига тезкор жавоб қайтариш механизмларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар сезиларли фаоллашди.
Тадбирда бу йўналишдаги ишлар натижаси сифатида ишлаб чиқилган дастурнинг 2030 йилгача мўлжалланган транспорт ва энергетика стратегиялари конференция иштирокчилари томонидан маъқулланди.
– Анжуман доирасида транспорт ва энергетика соҳаларига оид янги стратегиялар тасдиқлангани Тошкент конференциясининг муҳим воқеаси бўлди, – деди ОТБ вице-президенти, конференция ҳамраиси Шисинь Чен. – Бу стратегиялар ишончли, экологик тоза ва барқарор электр таъминотини вужудга келтиришда муҳим аҳамиятга эга.
9.jpg
Давлат органлари ва хусусий сектор ўртасида кечган мулоқот давомида давлат-хусусий шериклиги механизми орқали дастурга аъзо давлатлар ҳудудида туризмни барқарор ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Соҳага инвестицияларни янада кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш ва хусусий секторнинг ушбу йўналишдаги иштирокини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар конференция юқори савияда ташкил этилгани ва катта муваффақият билан ўтганини таъкидлаб, ушбу дастур аъзо давлатлар ўртасида кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ​ (сурат), ЎзА