Шаҳар ичидаги шаҳарча чирой очмоқда

Tashkent Сity халқаро бизнес марказининг илк объектлари – Конгресс холл ва “Ҳилтон” меҳмонхонаси қуриб битказилди. Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни ушбу иншоотларни келиб кўрди.
Tashkent City бизнес-марказлар, меҳмонхоналар, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектларни ўз ичига олган замонавий шаҳарча бўлади. Бу ерда олий даражадаги тадбирлар, йирик халқаро анжуманлар ўтказилади.
Президентимиз жорий йил 14 март куни Tashkent City да амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишган эди. Конгресс-холлнинг асосий зали, ҳар бир хонасини кўздан кечириб, уларнинг қандай безатилиши ва жиҳозланиши, меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилиши, халқаро саммитлар чоғида кўплаб делегациялар қатнашишини инобатга олиб, юқори мартабали меҳмонлар ва иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиши, дам олиши учун кенг имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Мазкур кўрсатмалар асосида Tashkent City ҳудудидаги қурилиш ишлари 7 та лотга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда. Конгресс холл ва “Ҳилтон“ меҳмонхонаси 5 – лот қисмида барпо этилган.
Конгресс холл биноси давлатлараро музокаралар ва учрашувлар ўтказишга мўлжалланган. Бинонинг умумий қурилиш майдони 43 минг квадрат метр. Биринчи қаватда 3,5 минг нафар иштирокчига мўлжалланган катта конференциялар зали, хорижий давлат раҳбарлари алоҳида ишлаши учун хоналар, музокаралар учун заллар, ресторан, кичик концерт зали, учрашувлар ва дам олиш хоналари мавжуд. Иккинчи қаватда қўшимча мажлислар хоналари жойлашган. Конгресс-холлнинг биринчи қавати замонавий дизайнда, иккинчи қавати эса классик услубда қурилган. Йўлаклар юртимиз рассомларининг энг сара асарлари билан безатилган. Яна бир эътиборли томони йўлакларда Тошкентнинг қадим 12 та дарвозалари калити ўзига хос дизайнда қўйилган.
Давлатимиз раҳбари Конгресс холлнинг ҳар бир хона ва залларини кириб кўрди.
Беш юлдузли “Ҳилтон“ меҳмонхонасининг умумий майдони 51 минг квадрат метр. 21 қаватли меҳмонхона биносининг баландлиги 85,5 метр. 258 та номердан 8 таси давлат раҳбарларига мўлжалланган. Пардозлаш ва жиҳозлашда замонавий дизайн ва ёрқин ранглар кўп қўлланилгани кишига хуш ёқади. Барча замонавий меҳмонхоналарда бўлганидек, отелда бир нечта ресторан, бассейн, спорт зал, спа ва бошқа салонлар бор. Хизматлар тури кўп, сифати юқори даражада.
Шавкат Мирзиёев меҳмонхонада яратилган шароитлар билан танишди, ҳудуд марказидаги хиёбонни кўздан кечирди.
Tashkent City да қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ерда 8, 9, 20, 21, 26, 28, 30, 33, 51 қаватли турар жой, савдо, меҳмонхона бинолари, хизмат кўрсатиш мажмуалари, минглаб машиналар сиғимига эга ер ости автомобил турар жойлари, болалар боғчаси ва соғломлаштириш маркази барпо этилади.
Шаҳар ичидаги шаҳарча дея эътироф этилаётган Ўзбекистонда, балким, Марказий Осиёда уй-жой қурилишида янги, замонавий жаҳон қурилиш технологияларни жорий этган ҳолда барпо этилаётган Tashkent City кўркам ва муҳташамлиги билан дунёнинг энг олд шаҳарлари билан бўйлаша олади.


 

Аловуддин Ғаффоров, ЎзА