Маҳаллийлаштириш дастури – амалда

Нукусда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт маҳсулотларини оптималлаштириш ва кооперация алоқаларини жадаллаштириш, жорий йилга белгиланган экспорт прогнози кўрсаткичларининг бажарилишига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.Ғаниев ва бошқалар таъкидлаганидек, мамлакатимизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунинг учун ҳам ўзимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни кўпайтириш орқали импортни қисқартириш масаласи иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгалламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида“ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор асосида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини жадаллаштириш, импорт ҳажмини камайтириш борасидаги ишлар бошлаб юборилди. Шунингдек, ушбу масалалар бўйича ёрдамчи лавозимининг жорий этилганлиги, маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳнинг ташкил этилганлиги, импортни камайтириш бўйича идоралараро мониторинг юритиш механизмларининг ишлаб чиқилганлиги тадбиркорларимиз учун кенг имкониятларни яратиб бермоқда.
7.jpg
2019-2021 йилларга мўлжалланган Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш мақсадида умумий қиймати 541,5 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар тўла қувватда ишлаган тақдирда йилига 488 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг январь-август ойларида ташқи савдо айланмаси 487,8 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 101,8 миллион долларлик ижобий сальдога эришилди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони асосида Нукус шаҳрида 165 гектар ер майдони ажратилиб, “Нукус” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Мазкур ҳудудда ҳозирнинг ўзида хорижий инвесторларнинг 22 миллион АҚШ долларилик лойиҳаларини жойлаштириш чора-тадбири ишлаб чиқилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш назарда тутилмоқда.
Маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари Оролбўйи шаҳар ва туманларида бўлиб, бу борадаги ишлар билан танишди ва жойларда амалий ёрдамлар кўрсатди. Улар томонидан билдирилган тавсиялардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда, ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт маҳсулотларини оптималлаштириш ва кооперация алоқаларини жадаллаштириш, жорий йилга белгиланган экспорт прогнози кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА