Шу кунларда Таиланднинг Паттайя шаҳрида бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди.
Бугун эркаклар ўртасида вазни 109 килогача бўлган атлетлар ғолиблик учун супачага чиқишди. Қувонарлиси, ушбу вазн тоифасида ҳамюртимиз, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Акбаржон Жўраев ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Эндигина 19 баҳорни қарши олган Акбаржон даст кўтариш машқида 188 килолик тошни ўзига бўйсундирди. Бу натижа унга якунда 6-ўринни тақдим этди. Силтаб кўтариш машқи эса ҳамюртимизнинг севимли йўналиши саналади ва бу яна бир карра ўз тасдиғини топди. Ушбу машқда Акбаржон Жўраев биринчи уринишда 221, иккинчи уринишда 226 ва сўнгги учинчи уринишда 229 килолик тошни кўтарди ва ушбу йўналишда кумуш медалга сазовор бўлди. Икки кураш бўйича ҳамюртимизнинг якуний натижаси 417 килони ташкил қилди. Бу кўрсаткич билан у тўртинчи поғонадан жой олди.
Силтаб кўтариш машқида 230 кг тошни ўзига бўйсундирган арманистонлик Симон Мартиросян мутлақ чемпионликни қўлга киритди. Ушбу машқда 3-ўринни 228 кило натижа билан белоруслик Андрей Арамнау эгаллади. Икки курашда ушбу спортчи 426 кг натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. Иккикурашда кучли учликка 420 кило натижа билан Хитой терма жамоаси аъзоси якун ясаб берди.
Шуниси эътиборлики, А.Жўраев даст ва силтаб кўтаришда қайд этган натижалари билан ёшлар ўртасидаги жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
ЎзА