Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши ва “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан турли вазирлик ва идоралар кўмагида ҳар йили ўтказилаётган ушбу кўрик-танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш ва янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Унда мазкур кўрикнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этди.
Танловда қатнашиш истагида бўлганлар йилдан-йилга ортиб бораётгани унинг аҳамияти ва кўлами кенгаяётганидан далолат беради. Жорий йилда ушбу танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 576 тадбиркорлик субъекти иштирок этди. Ҳакамларнинг юқори баҳоларига сазовор бўлган 41 иштирокчи “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Кичик бизнес бозор конъюнктурасига тез мослашади. Мамлакат иқтисодиёти, одамларнинг даромад манбаи барқарорлигини сақлашда, янги иш ўринлари яратишда мазкур соҳа муҳим ўрин тутади. Хусусан, жаҳон бозорида рақобат кескинлашиб бораётган бир пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик миллий иқтисодиётимизнинг муттасил ўсишини таъминлашда, халқимиз фаровонлигини оширишда улкан аҳамият касб этмоқда.
– Корхонамизда Швейцарияда ишлаб чиқарилган парранда, балиқ, чорва учун гранулаланган ва гранулаланмаган омихта ем ишлаб чиқариш технологияси ҳам ўрнатилган, – дейди Р.Бекметов. – Ўтган йили 7 минг тоннадан зиёд омихта ем ишлаб чиқарилган бўлса, унинг тенг ярми экспортга чиқарилди. Йил давомида кўрилган соф фойда 660 миллион сўмдан ошди. Бу йил сайин ривожланиб бораётганимиздан далолат беради. Бундай самарадорликка Президентимизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратилаётгани, имтиёз ва преференциялар берилаётгани туфайли эришмоқдамиз.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда фермерларнинг ҳам самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилган.
Тошкент вилоятидан Тоҳир Сайрамов мамлакатимизда яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб келаётган фермерлардан. Унинг кўп тармоқли «Шоштепа шамс» фермер хўжалигида чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик билан бирга мева-сабзавот маҳсулотлари, гўшт ва сутни қайта ишлаш, уларни қадоқлаш учун сопол идишлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Тошкент шаҳридаги йирик тармоқли супермаркетларда «Шоштепа шамс» бренди билан ишлаб чиқарилаётган экологик тоза сут, қатиқ ва бошқа сут маҳсулотлари сотилмоқда.
– Ҳунармандларнинг эркин фаолият юритиши, салоҳиятини намойиш қилиши учун барча шароит яратилган, – дейди Сурхондарё вилоятидан келган Дмитрий Инюшев. – Ёшлигимдан кулоллик буюмлари, тақинчоқлар ва ўйинчоқлар ясаш билан қизиқардим. Ҳозир миллий либосларни замонавий либослар билан уйғунлаштириб, янги дизайндаги маҳсулотлар яратмоқдаман. Какайди қўрғонида яшовчи хотин-қизларга миллий ҳунармандлик сирларини ўргатмоқдаман. Келгусида «Сурхон кашта мактаби», «Кулол ва гилам» цехлари фаолиятини ташкил этиш режасини тузганман.
“Ташаббус – 2017” кўрик-танлови ғолибларининг номлари эълон қилинди. Улар учта асосий – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишида тақдирланди.
«Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Тошкент вилоятидаги «Torimed Pharm» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳаджон Шукуров ғолиб бўлди. Бухоро вилоятидан Аҳмад Арабов «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» деб эътироф этилди. Андижон вилоятидаги «Бахт имкон ривож чорваси» фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов «Йилнинг энг яхши фермери» деб эълон қилинди.
– Бундай нуфузли танловда ғолиб бўлиш катта шараф, – дейди 2017 йилнинг энг яхши фермери Фахриддин Исмоилов. – Рақобат жуда кучли бўлди. Чунки кўрик-танловда энг илғор ва салоҳиятли тадбиркорлар қатнашди. Мамлакатимизда бундай ташаббускорлар кўп ва улар турли соҳаларда фаолият юритмоқда. Истиқбол учун белгилаган режаларимиз талайгина, жумладан, халқаро бозорга чиқишни мўлжаллаганмиз. Шу боис янада кўпроқ меҳнат қилиб, кўрсатилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
«Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Йилнинг энг яхши экспортчиси» ва «Республика ички бозорида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун» каби номинациялар ғолиблари ҳам эълон қилинди.
Асосий номинациялар ғолибларига Президентимиз соврини – “Spark” автомобили, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига пул мукофотлари, махсус номинациялар совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Ғолиблар халқаро танловлар, ярмаркалар, семинарларда иштирок этиши, ўз йўналишлари бўйича чет элда малака ошириши мумкин.
“Ташаббус – 2017” кўрик-танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерти билан якунланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.