Бугун тонгда АҚШ пойтахти Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Arthur Ashe Stadium” корти эркаклар ўртасидаги US Open мусобақаси яккалик беллашувлари финалига мезбонлик қилди.
Испаниялик теннисчи Рафаэль Надаль ҳамда россиялик Даниил Медведев ўртасида кечган учрашувга ташриф буюрган мухлислар беш сетлик ўйин гувоҳи бўлишди.
Дастлабки икки сетни ўз фойдасига ҳал қилган (7:5|6:3) Рафа учинчи ва тўртинчи сетларни 23 ёшли – ўзидан ўн ёш кичик рақибига бой берди (5:7|4:6). Шундан сўнг кечанинг энг қизиқарли сети учун старт берилди.
Албатта, бунда анча маҳоратли бўлган испаниялик теннисчи охирги сетни ўз фойдасига (6:4) ҳал этиб, якунда (7:5|6:3|5:7|4:6|6:4) ўзининг XIX “катта дубулға” турнирини забт этди.
Учрашув давомида Медведев 14 та эйсни амалга оширди, рақиби эса 5та. Қўшхатолар ҳам Надалда биттага кўпроқ 5/4. Брейк поинт, биринчи тўпни қабул қилиш, рақибининг геймини ютиб олиш ва яна бир қанча жабҳаларда россиялик теннисчи устунлик қилган бўлса-да, ғолиблик учун ўйналган бешинчи сет Рафанинг мутлақ устунлиги остида ўтди.
Айтиш керакки, мазкур мусобақа Рафаэль Надалга ғолиблик билан биргаликда 3 850 000 (фаолияти давомидаги 115 000 000) долларни ҳам тақдим этди. У билан финалда беллашган россиялик теннисчи Даниил Медведев эса 1 900 000 (фаолияти давомидаги 6 068 073) долларга эга бўлди.
Маълумот ўрнида, WTA, ATP шафеълиги остида 1973 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур US Open – АҚШ очиқ чемпионатининг саралаш баҳслари иштирокчилари 58 минг доллардан, иккинчи раунд йўлланмасини қўлга киритган теннисчилар 100 минг доллардан мукофотланади.
Бу йилги турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 57 миллион долларни ташкил этди. Мазкур сумма эса ўз навбатида ушбу мусобақа тарихидаги энг катта соврин жамғармасидир.
US Open
Нью-Йорк, АҚШ
2019 йил, 26 август – 8 сентябрь
Катта дубулға
Соврин жамғармаси – 57 000 000 доллар
Очиқ корт, хард
Яккалик
Финал
Рафаэль Надаль (Испания) – Даниил Медведев (Россия)
7:5|6:3|5:7|4:6|6:4
Суратлар муаллифлари: Garrett Ellwood, Fernando Colon, Darren Carroll, Pete Staples – USTA.
Шоҳрух НЎЪМОНОВ, ЎзА