Нукус гарнизони ҳарбий хизматчиларининг навбатдаги хайрия тадбирлари

Энг улуғ ва энг азиз айём – мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами муносабати билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар томонидан хайрия тадбирлари ўтказилди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ёшликнинг энг навқирон даврларини Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишга бағишлаган нафақадаги ҳарбий хизматчилар ҳолидан хабар олишди. Уларга совға-саломлар улашилиб, ҳарбий қисм қўмондонининг табриги ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълим вазирлигига қарашли бўлган 10-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатида ўқув мавсуми бошланиши арафасида ҳудудларни ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшишди. 200 нафар ўқувчи учун мўлжалланган мактаб- интернатига ҳарбий қисм номидан сув иситадиган электр мосламаси ҳадя қилинди.
–Ҳарбий хизматчилар томонидан кўрсатилаётган бундай ғамҳўрликдан бошимиз осмонга етди. Савоб ишнинг катта-кичиги бўлмайди, албатта. Мактабимизда таъмирлаш ишлари кетаётганини кўрган офицерлар бир кундан кейин бизни йўқлаб келишди ва қиш мавсумида сувни иситиш тизимида узилишлар бўлмаслигига ҳисса қўшишди. Уларнинг хайрли ишидан жудаям мамнунмиз, – дейди мактаб директори Шинибай Калилаев.
photo_2019-09-03_12-05-01.jpg
photo_2019-09-03_12-05-04.jpg
photo_2019-09-03_12-05-06.jpg
photo_2019-09-03_12-05-09 (2).jpg
photo_2019-09-03_12-05-11.jpg

 

ЎзА