Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева 31 август куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси МДҲ мамлакатлари парламентлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дипломатик форум раҳбари Чу Ми Э хоним бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқот ва учрашувлари Ўзбекистон – Корея муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш имконини бергани таъкидланди. Ўзаро ишонч ва дўстлик руҳидаги ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда шерикликни мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштиришга хизмат қилаётир.
Мулоқотда мамлакатимиз парламенти делегациясининг Кореяга ташрифи натижалари ижобий баҳоланди. Корея парламенти аъзоларининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи қонун ижодкорлиги бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея – Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси ташкил этилган 1995 йилдан буён ривожланиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2005 йилда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолиятининг йўлга қўйилгани мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашувда икки мамлакат парламентлараро алоқаларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА