Хотира абадий, қадр муқаддас

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ёшлар жам бўлди.
Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошчилигидаги жамоатчилик вакиллари Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
–Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, халқимизнинг атоқли фарзанди Ислом Каримов фаолиятида Қашқадарёга раҳбарлик қилган давр алоҳида ўрин тутади, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов. – Вилоятни таназзулдан чиқариб, юксалиш сари бошлаган Ислом Абдуғаниевич бу заминга алоҳида фарзандлик меҳри билан қарар эди. Қашқадарё аҳолиси вилоят мустақиллик йилларида иқтисодий барқарор, саноати ривожланган ҳудудга айланиб, аҳоли турмуш даражаси муттасил ўсиб бораётгани, бунёдкорлик, халқимиз фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ барча эзгу ишлар Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканини чуқур ҳис қилади.
Мардлик ва олижаноблик фазилатлари билан эл-юртга меҳр ва садоқат тимсоли бўлиб қолган Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
photo_2019-09-02_14-26-56.jpg
photo_2019-09-02_14-26-57.jpg

 

Ўлмас БАРОТОВ, Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА