“Энг улуғ, энг азиз“ кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

Пойтахтимизда Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Энг улуғ, энг азиз“ анъанавий кўрик-танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари А.Ўрозов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган туб ижобий ўзгаришлар одамларнинг ташвишини енгил қилиш, халқимизнинг ҳаёт фаровонлигини ошириш, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги обрўсини юксалтиришдек мақсадларга йўналтирилганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ги қарорига асосан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ҳаётга жорий этилмоқда. Бу йўналишда ташкил этилаётган тадбирлар истиқлолнинг қадр-қимматини теран англаш, унинг неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ҳар бир фуқаронинг юрт тақдири, унинг келажаги учун масъулиятни теран ҳис этишга чорламоқда.
13-FAQAT SAYTGA.JPG
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу анъанавий кўрик-танлов истеъдод соҳибларини янада кўпроқ изланиш, ўз маҳоратини тўлақонли намоён этишга имкон бергани билан аҳамиятлидир.
Танловга “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларни кенг ёритувчи ижодий асарлар қабул қилинди. Танлов ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари, оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, кино санъати асарлари каби номинациялар бўйича ташкил этилди.
Унга мамлакатимиз ижодкорларининг кўплаб адабий-бадиий асарлари, газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телеканалларда эфирга узатилган материаллар, намойиш этилган тасвирий санъат ва кино санъати асарлари келиб тушди.
14.JPG
Ижодий ишларни баҳолашда профессионал маҳорат, мукаммал бадиий савия, бугунги кунда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг ва атрофлича очиб бериш, теран таҳлилий мушоҳада сингари жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.
Энг яхши деб топилган ижодий иш муаллифлари “Энг улуғ, энг азиз“ анъанавий кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари деб топилди.
– Ижод, ижодкорлик инсонга ато этилган ноёб неъмат, – деди танлов ғолибларидан бири, таниқли шоир Эшқобил Шукуров. – Унинг қадрланиши истеъдод нуфузини улуғлайди. Меҳнат, ижоднинг юксак қадрланиши ижодкорнинг улкан бахтидир. У фахр туйғуларини бағишлайди. Биз энг улуғ, энг азиз байрам арафасида турибмиз. Ушбу айём қадримизни, қалбимизни кўтарадиган, юксакларга ундайдиган байрам. Танлов учун тақдим этган “Бобо сўз изидан“ китобим она тилимизни асраб-авайлаш, сўзларнинг маъно-мазмуни, туб илдизини очиб беришга хизмат қилади.
– Газетамиз орқали халқ билан доимий мулоқот ўрнатишга, одамларнинг ташвишларини чуқур ўрганишга, уларга ечим топишга доимий интилмоқдамиз, – деди “Жамият“ газетаси бош муҳаррири Мақсуд Жонихонов. – Таҳририятимиз учун билдирилган шундай юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
Тантанали тадбирда Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз!“ анъанавий кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.
16.JPG
18.JPG
25.JPG

 

Назокат УСМОНОВА, Темур МАМАДАМИНОВ олган суратлар, ЎзА