Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида таниқли рассом Абдулла Еримбетовнинг “Туғилган ер жилоси” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазмада мусаввирнинг турли жанрларда яратган 60 дан ортиқ картинаси намойиш этилмоқда.
“Оролда куз”, “Яйлов”, “Балиқчи”, “Амударё”, “Юсупнинг уйида баҳор” каби ёрқин характердаги картиналар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, рассом Абдулла Еримбетов 1931 йили Навоий вилояти Томди туманида туғилган. 1951 йили ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирди. 1961 йилдан бошлаб республика миқёсидаги кўргазмаларда иштирок эта бошлади. 1961-1963 йилларда Тошкент шаҳрида ўтказилган Қорақалпоқ адабиёти ва санъати кунларида ўз асарларини намойиш этди. 1988 йили И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида А.Еримбетовнинг сайланма асарларидан иборат шахсий кўргазмаси ташкил этилди.
Мустақиллик йилларида у янада баракали ижод қилди. Айниқса, “Автопортрет”, “Қаратеренг кўли”, “Булутли кун”, “Қизкеткен”, “Она ер қирғоғида”, “Ўтов атрофида” сингари асарлари қорақалпоқ диёрининг ўзига хос табиати, самимий ва меҳнаткаш одамларини ўзига хос акс эттиргани билан мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. Ҳозирги кунда бу картиналар И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ҳамда ўлкашунослик музейида сақланмоқда.