Қора қалпоғимни чалқайтиб кийиб, ёнингда бораман бу улуғ йўлда!

Бугун Ўзбекистонда иқтисодиёт мураккаб инновацион ислоҳот йўлидан бормоқда. Президентимиз чекка ҳудудларда ҳам одамлар яхши яшаши учун барча имкониятларни ишга солаётгани одамларни чексиз руҳлантирмоқда. Мўйноқда қисқа вақт ичида – саккиз ойда амалга оширилган мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари бунга ёрқин мисол бўлди.
Бугун Мўйноққа борган одам бу ерни танимайди. Биргина Мўйноқ шаҳридаги ўзгаришларни кўриб, олисда шундай замонавий шаҳар қад ростлаётганига одамнинг ишонгиси келмайди.
Қорақалпоғистонда 2018 йилда бюджетга солиқ тушумлари 1 триллион 100 миллиард сўм этиб белгиланган бўлиб, ушбу кўрсаткич ортиғи билан, яъни 2 триллион сўмга бажарилди. 2019 йилда бу борадаги режа 3 баробар, яъни 3 триллион сўм қилиб белгиланган. Демак, бу йил ҳудудларни ривожлантириш учун республиканинг бюджетига янада кўпроқ маблағ қолади. Энг эътиборлиси, ушбу маблағлар ҳудудни янада ривожлантириш учун, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун сарфланади.
“Оролга ёрдам беринг!” деб кутиб, шунча йилни ўтказиб юбордик. Президентимиз ушбу фожиани БМТ минбаридан дунё ҳамжамиятига тушунтирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Эндиликда ушбу фонд орқали минтақани ривожлантиришга ҳайрихоҳ давлатлар кўпаймоқда.
2019 йилнинг кириб келишини кўпчилик раҳбарлар кўп сонли ҳашарчилар билан денгизнинг қуриган туби тикилган ўтовларда кутиб олди. Халқимиз ихлосига кўра ўша пайтлари денгизнинг тубидан чучук сув булоғи отилиб чиқди. Демак, одамларнинг фарёдини Яратган эгам ҳам эшитган: узоқ йиллар бизни ташлаб кетган қушлар учиб кела бошлади.
Бугун қорақалпоғистонликлар Президентимизнинг довюраклик билан юргизаётган доно сиёсатидан минг бора рози.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсуповнинг мустақиллик тўғрисида ёзган қуйидаги шеъри халқимизнинг бугунги қувончига, орзу-истакларига тўла ҳамоҳанг:
photo5398101720556481517.jpg

Ўзбекистон – Кунчиқишнинг Чўлпони,
Кўп қийин йўлларни ўтасан босиб.
Бунёд бўлиб озод инсон армони,
Йўлингни ёритар иқбол қуёши.
 
Сенинг руҳингда мардлик, донолик,
Янги давр йўлни очмоғи лозим.
Улуғ инсонлигинг дунё тан олиб,
Жаҳон минбаридан чиқсин овозинг.
 
“Қутлуғ қадамингга ҳасанот!” дейиб,
Қон-қардош улуғлар қўл бериб қўлга.
Қора қалпоғимни чалқайтиб кийиб,
Ёнингда бораман бу улуғ йўлда!
Шарап Уснатдинов,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси

 

ЎзА