Маҳалла раислари тажриба алмашди

Шимолий-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раислари иштирокида кўргазмали услубий йиғин бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги 11 “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш Концепцияси тасдиқланди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Шимолий-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилди. Бугунги кунда маҳаллада 445 та хонадонда 2 мингдан ортиқ фуқаро, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилади. Ҳудудда умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари фаолият олиб бормоқда.
Тадбир иштирокчилари маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига яратилган шароитлар билан танишди. Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича амалга оширилган ишлар меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди. Замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган ўқув бинолари, кутубхона ҳарбий хизматчилар хизматида. Яқинда ҳудудда тижорат банкидан олинган 8 фоизлик кредит ҳисобига “Меҳрибон” тикув цехи ишга туширилди. Натижада 8 нафар аёл иш билан таъминланди.
Болаларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш, уларга чет тилларни ўргатиш мақсадида рус ва инглиз тиллари тўгараклари ташкил этилди. Ҳудудда спорт майдончалари фойдаланишга топширилди.
– Ҳудудда округ қўмондонлиги ёрдамида амалга оширилаётган кенг кўламли маънавий-маърифий ва бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлдик, – дейди Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Солижон Аҳмедов. – Албатта, бундай тадбирларнинг ўтказилиши ўзаро тажриба алмашишда муҳимдир.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди. Меҳмонлар Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА