Нукусда 13-14 ёшли маҳалла ўсмирлари ўртасида мини-футбол бўйича “Чарм тўп“ мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Қонликўл туманлари жамоалари иштирок этди.
Мусобақа Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Жисмоний тарбия ва спорт, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, футбол федерацияси, телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Мақсад ёшлар ўртасида футболни оммалаштириш, маҳаллалардаги иқтидорли ёшларни спорт-соғломлаштириш тадбирларига янада фаол жалб қилиш, тиббий ва жисмоний маданиятни ривожлантиришдан иборат.
Қонликўл туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини “Наврўз“ жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, Хоразм вилоятида бўлиб ўтадиган минтақавий босқичга йўлланмани қўлга киритди. Кейинги ўринларни Хўжайли, Тўрткўл ва Тахтакўпир туманлари жамоалари эгаллади.
Ғолиблар диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА