Касалликка чидамли ғўза навларини ишлаб чиқиш учун 223 минг доллар грант ютиб олинди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари (оқпалак) вилт касаллигига чидамли ғўза навларини ишлаб чиқишда инновацион технологияларни жорий этиш лойиҳаси учун 223 минг АҚШ доллари грантини қўлга киритди. Лойиҳа АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан молиялаштирилади ва 3 йил давом этади.
Марказ олимлари жамоаси ғўза геномикаси ва ген инженерлиги соҳасида кўп йиллар давомида муваффақиятли тадқиқотлар олиб бормоқда. Тадқиқотлар натижасида яратилган инновацион технологиялар қисқа вақт ичида Миср пахтасига ўхшаш сифатли толага эга бўлган ғўза навларининг серҳосил, эртапишар ва қурғоқчиликка чидамли навларини яратиш имконини берди.
Вилт ҳар йили дунёдаги кўплаб ғўза майдонларига, шу жумладан Ўзбекистонда пахта экинларига ҳам жуда жиддий зарар етказади. Янги лойиҳа доирасида микрочип технологиялари тадқиқот марказида бўлади ва ғўзанинг вилтга чидамлилиги учун масъул бўлган янги генлар аниқланади. Бундан ташқари, лойиҳа давомида марказнинг бир неча ёш олимлари АҚШ илмий марказларида узоқ муддатли амалиёт ўтайди.

 

ЎзА