Тақиқланган ва тезоқар каналларда чўмилиш нимаси билан хавфли?

Ёзда сўлим жойларда баҳра олишни, сув ҳавзаларида чўмилишни хуш кўрамиз. 
Бу ҳолат муҳим бир қоидани эслатишни тақозо қилади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан таъқиқланган, оқими тез каналлар, анҳорларда чўмилиш мумкин эмас. Қолаверса, мазкур сув ҳавзалари ўзанида ўткир учли тошлар ва гидроиншоотларни тозалаш даврида техникаларнинг айрим қисмлари, яъни металл деталлари синиб ва чўкиб қолган ҳолатлар мавжудлиги фуқароларнинг оғир жароҳатлар олиши эҳтимоли жуда юқори.
Шу ўринда Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси тақдим этган айрим маълумотларга мурожаат қилиш лозим бўлади. Уларга кўра, ўтган йили воҳада фуқароларнинг сувда чўкишига оид 18 та бахтсиз ҳодиса рўй берган эди. Жорий йил ўтган даврида, яъни қарийб 7 ойда эса улар сони 15 тани ташкил қилмоқда.
Бу ҳолатларнинг 45 фоизида болалар ва вояга етмаган ўсмирлар ўлими қайд этилган. Оила бошига тушган ўнглаб бўлмас бу мусибат бўлган ҳолатлар биз юқорида қайд этган хатарли ҳавзаларда болаларнинг қаровсиз қолдирилиши, улар эса ўз хавфсизлигини таъминлайдиган даражада сузиш қоидаларини яхши билмаслиги билан боғлиқдир. Қўриқланмайдиган ҳавзаларда чўмилиш оқибатида инсон ҳаёти фожиали якун топиши киши юрагини ларзага келтиради.
– Таъкидлаш керак, тезоқар канал ва анҳорларда чўмилишга рухсат берилмаслигининг яна бир сабаби бор, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш маркази бошлиғи, катта лейтенант Элдор Муродов. – Мазкур ирригация, яъни суғориш иншоотлари лойқа сувларида чўмилган болаларда тери ва томоқ, қорин тифи, дизентерия, солмонеллёз ва паразитар гижжа касалликларига чалиниш ва қуёш остида юришлари оқибатида офтоб уриши қайд этилмоқда. Улар ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўядиган бундай ҳолатлар олдини олишда профилактика тадбирлар, хусусан кишилар дунёқараши, тиббий маданиятини оширишнинг аҳамияти катта. Шунинг учун ҳам биз жойларда, айниқса, илгари чўкиш оқибатида инсон ҳаёти завол топган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида бўлиб, аҳоли, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари билан тарғибот, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.
Лекин бизнингча, бошқа бир муҳим жиҳат ҳам бор. Вилоятда,тезоқар ва рухсат қилинмаган канал ҳамда анҳорларга муқобил, яъни сув таркиби лабораторияда ўрганиладиган, чўмилиш хавфсизлигини назорат қилиш баробарида ҳудуди қўриқланадиган очиқ сув ҳавзалари тармоғини кенгайтириш лозим. Бу вақт ва катта маблағ талаб қиладиган лойиҳа. Гап инсон манфаатлари ва ҳаётию соғлиғи ҳақида борар экан, бу масала маблағдан муҳим.

 

Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА