Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида каратэ (WKF) бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати бошланди.
Мусобақанинг биринчи кунида барча вазн тоифаларида саралаш баҳслари ўтказилади. Эртага эса медаллар учун ҳал қилувчи беллашувлар бўлиб ўтади. Шунингдек, айни паллада ката бўйича саралаш баҳслари ҳам ўтказилмоқда. Якшанба куни жамоавий кумитэ бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Бугун соат 16:00да Осиё чемпионатининг очилиш маросими ўтказилади. Унда санъат ва спорт байрамига шоҳид бўласиз. Шуни таъкидлаш керак, Токио-2020 ёзги олимпиадасига тақдим этувчи ушбу мусобақада қитъамизнинг энг сара ва кучли атлетлари ғолиблик учун баҳс олиб боришади.
Бундан бироз аввал пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Осиё каратэ федерациясининг янги Ижроия қўмитасининг йиғилиши якунланди. Унда Осиё каратэ федерациясининг янги президенти генерал Носир Абдулраззоқ Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти Аламжон Муллаевни Осиё каратэ федерацияси биринчи вице-президенти лавозимига тавсия қилди. Ижроқўм аъзолари эса бир овоздан Муллаевнинг номзодини қўллаб-қувватлашди ва ҳамюртимиз Осиё каратэ федерациясининг биринчи вице-президенти этиб сайланди.
77012_680.jpg

 

ЎзА