Тошкент ислом университетида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда Германия, Исроил, Италия, Польша, Россия, Тожикистон каби давлатлардан келган дин ишлари бўйича мутахассислар, экспертлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Тошкент ислом университети ректори Р.Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Д.Бадарч ва бошқалар Ўзбекистон заминида турли халқлар меҳр-оқибат, қардошлик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаб келаётгани, бугунги кунда бағрикенгликнинг буюк тарихий анъаналарига монанд 130 дан ортиқ миллат ҳамда элат вакилларининг виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланганини таъкидлади.

Шунингдек, конференция иштирокчилари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё ва бутун дунёда ҳамжиҳатликка эришиш, динлараро тотувлик, тинчликни сақлаш йўлида муҳим дастуриламал бўлаётганини, бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топганини эътироф этди.

Ўзбекистонда 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 250 га яқин ташкилот фаолият юритмоқда. Диний таълимга ихтисослашган таълим муассасалари, жумладан, Тошкент ислом университети, мадрасалар, ислом ўрта махсус таълим даргоҳлари, христиан семинарияларида диний соҳада етук мутахассислар тайёрланади.

Бугун юртимизда 140 га яқин миллий-маданий марказ мавжуд. Уларда турли миллат ва элат вакиллари ўз она тили, миллий қадриятлари, тарихи, маданиятини ўрганиш, уларни ёшларга етказиш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Конференцияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Россия Президенти ҳузуридаги Диний бирлашмалар билан алоқалар бўйича кенгаш аъзоси О.Гончаров, Ватикан давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ч.Мильоре, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий, Новоапостол черковининг Берлин-Бранденбург округи апостоли В.Надольни ва бошқалар мавзу юзасидан маърузалар ўқиди.

Тадбир доирасида диний ташкилотлар, миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган босма нашрлар, суратлар, турли миллатлар амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил этилди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА