Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди.
Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, судьялар, архив ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Б.Мирбобоев ва бошқалар мамлакатимиз қўлга киритган барча ютуқ ва марралар пойдевори Конституциямиз эканлигини алоҳида таъкидлади. Бош қомусимиз юртимиз равнақини белгиловчи, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаб, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим асосдир.
Мазкур кўргазма Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этишга, унинг яратилиш тарихи ҳақида фуқаролар, айниқса, ёшларга кенгроқ тушунча бериш, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, Бош қомусимиз ва қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онгини юксалтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбирда Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди, Конституциямизнинг қабул қилиниши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
– Бу кўргазма орқали Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи ҳақида маълумотга эга бўлиб, ушбу жараёнда бевосита иштирок этган инсонларнинг сўзларини тингладик, – дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Бунёд Қодиров. – Конституция ҳуқуқий демократик давлатнинг пойдеворидир. Шундай экан, биз ёшлар ҳуқуқий билимларимизни янада бойитиб, Бош қомусимизни мукаммал ўрганишимиз, ҳаётимиз ва иш фаолиятимизни ушбу муҳим хужжат билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб боришимиз лозим.