2019 йил ёзги дам олиш мавсумида Тошкент минтақавий темир йўл узелига қарашли дам олиш масканлари, яъни “Қибрай“ ҳамда “Янги авлод“ болалар соғломлаштириш оромгоҳларида жами 2500 нафарга яқин болажонларни ҳордиқ чиқариши ва соғломлаштириш кўзда тутилган.
Тошкент жанубий темир йўл вокзалида Оролбўйи минтақасидан 500 нафардан зиёд ўғил қизлар кутиб олинди. Улар ҳам айнан “Қибрай“ болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариб, соғликларини тиклаб олишади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан келган болажонлар вокзалнинг ўзида “Ўзбекистон темир йўллари“АЖ га қарашли Йўл болалар шифохонаси шифокорлари томонидан тиббий текширувдан ўтказилди. Шундан сўнг замонавий автобусларда “Қибрай“ болалар соғломлаштириш оромгоҳига олиб борилди.
Тошкент вилоятининг сўлим гўшасида жойлашган мазкур дам олиш масканида болалар ёзги таътилни мароқли ўтказиши учун барча шароитлар яратилган.
ЎзА