Сайлов ҳақида сўз кетса, бу ўз номи билан кимнидир давлат ҳокимият органларини сайлаш ёки танлаш жараёни экани англашилади.
Сайловда номзоди илгари сурилган, сайланадиган шахс эса халқнинг, мамлакатнинг кейинги ҳаётида жуда муҳим, ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Яъни у давлат бошқарувида иштирок этади.
Демак, биз кимнидир сайлар эканмиз, ана шу ҳуқуқимизни унга ишониб топширамиз. Дейлик, депутатликка номзод учун овоз бердингиз. У сайлангач эса сиз ва сиз каби унга овоз берган кишилар номидан иш олиб боради.
Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг ўзи ҳам сайланиш ҳуқуқига эга.
Бир қарашда жуда оддий, лекин натижаси ёки оқибати жуда юксак бўлган сайлов жараёнига эътиборсиз қараб бўлмаслигини энди тушунгандирсиз?
Сайловлар ҳақида кўп гапирилган, ёзилган. Лекин шу пайтгача кўп ҳолларда сайловнинг асл моҳияти қолиб, унга баландпарвоз сўзлар билан таъриф бериб келганмиз. Масалан, “Сайлов – демократия кўзгуси”, деган сўзлар барчага бирдек ёд бўлиб кетган. Ҳақиқатан шундай, бироқ…
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-УлуғбекАБДУСАЛОМОВ ЎзА мухбири билан суҳбатда сайлов билан боғлиқ айрим аччиқ ҳақиқатлар ҳамда олдимизда турган катта долзарб вазифаларни ҳам тилга олди.
Эркин фикрлаш, очиқлик сари қадам қўйган жамиятимизда бўладиган навбатдаги сайловлар янгича шароитда, янги ҳуқуқий асос – Сайлов кодексига биноан ўтиши, бу ҳужжатни ўқиса, оддий фуқаро ҳам тушунишини у алоҳида қайд этди.
– Бутун дунёда сайловларга алоҳида эътибор билан қаралади,- дейди М.Абдусаломов. – Чунки сайловлар орқали давлат ҳокимиятининг бош бўғини шакллантирилади. Давлат бошқарувига муносиб кишиларнинг келиши мамлакатнинг нафақат кейинги тақдири, жаҳонда тутган ўрнини ҳам белгилаб беради.
Шунинг учун ҳам ривожланган давлатларда сайловлар кучли рақобат, тортишув ва жиддий курашлар остида кечиши сир эмас. Энди ўзимизда бўлган сайловларга назар ташласак, бизда сайловнинг оқибатини чуқур англаб овоз берувчилар кўпчиликни ташкил этади, дея олмаймиз. Бу гаплар, албатта, Президент сайловига тааллуқли эмас. Бу сайловнинг аҳамиятини халқимиз жуда яхши тушунади ва шунга яраша муносабатда бўлгани 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови яққол кўрсатди.
Бироқ, парламентга, маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларга бўлган муносабат, очиғи, бундай эмас. Бу сайловга кўпчиликнинг ихтиёрий эмас, мажбурликдан бориши ҳам сир эмас. Маҳалладан ёки сайлов комиссиясидан айтишди ёки бормасам, қўшнилар олдида ноқулай, деб сайловга борадиганлар кўплаб топилади. Номзодлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмай туриб, бирортасини тахминий танлаб овоз бериш ҳолатлари бўлмаган, десак ёлғон гапирган бўламиз.
Одатда, бир кунлик сайлов гоҳ у, гоҳ бу йўсинда ўтиб кетади. Кимлардир депутатликка сайланади. Жуда кўпчилик аслида улар ўз вакиллари эканини эсдан чиқариб, энди депутатни ёки сенаторни тинмай қоралаш пайида бўлади. Уни ким сайлаган, нега у яхши ишламайди ёки сайлангач олдимизга келмай қўйди, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Шунда бунинг учун ким кўпроқ айбдор, деган савол туғилади. Хўш, ким?
Албатта, номуносиб депутат ёки сенаторнинг парламентдан ўрин олишида биринчи навбатда сайловчининг ҳиссаси, таъбир жоиз бўлса, айби бор. Ахир ҳар бир фуқаронинг сайловда овоз беришдек юксак ҳуқуқи қутига бир парча қоғоз ташлашдан иборат эмас!
Ўзини англаган, келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир киши ёки сайловчи овоз беришнинг оқибатини тўлиқ англаши зарур. Ҳали сайлов бошланмасидан бу жараённинг замирида нима ётибди, қандай натижа беради, деган саволлар ҳақида ҳар биримиз бош қотиришимиз керак.
– Сайловда илк бор иштирок этадиган ёшлар ҳақида қандай фикрдасиз? Улар азбаройи шунчаки қизиқиш ёки сайлов участкасидан совға олиш учун борадигандек. Фуқароларнинг сайлов маданияти, масъулияти сиёсий онгнинг шаклланишига ҳам боғлиқдир, балки?
– Дарҳақиқат, инсон вояга етар экан, яъни 18 ёшга тўлгач у жамиятда ўз ўрнига эга шахсга айланади. У фикр билдириш, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Жамият ёки давлат ҳам, ўз навбатида, унинг фикри билан ҳисоблашади.
Тўғри, бугунги ёшларимиз ахборот технологиялари, замонавий билимларни эгаллаётган онгли ўғил ва қизлардир. Бироқ, биз уларни вояга етгунларига қадар тарбиялашда фақат ҳуқуқ ва бурчларини умумий тартибда тушунтириш билан кифояланмоқдамиз, десам янглишмаган бўламан. Сиёсий онг, сиёсий етуклик каби тушунчаларни ҳали улғайса билиб олади, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Бироқ, воягаетган йигит-қизларнинг сиёсий билимларига назар ташланса, бу нотўғри қарашлигисезилмоқда. Мана шу кемтикликларга эътибор қаратиш ва барҳам бериш вақти келди. Мутасадди мутахассисларимиз фарзандларимизда болаликдан сиёсий маданиятни шакллантиришга эътибор қаратиши жуда зарур. Токи, вояга етган шахс сиёсий майдонга онгли равишда кириб келсин.
Хабарингиз бор, 2019 йил декабрь ойида мамлакатимизда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий жараёнга тайёргарликнинг бошланиши яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси бўлди. Кодекс сайлов ўтказиш жараёнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Янги кодекс моҳиятини ёшларга сингдириш ишларини бошлаб юбордик. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ёшларнинг сайлов жараёнларида фаол иштирок этишларини таъминлашга оид ҳамкорлик бўйича қўшма чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.
Айтиб ўтиш керакки, юртимиз аҳолисининг 17 миллиондан зиёдини ташкил этувчи ёшлардан 2 миллиондан ортиғи жорий йилда бўладиган сайловларда биринчи марта иштирок этади.
Шунингдек, аёлларнинг сиёсий фаолияти кун тартибимизда юқори ўринда туради. Шунинг учун ҳам хотин-қизлар қўмитаси билан ҳам аёллар фаоллигини оширишга қаратилган келишув ҳужжати тузилди.
– Сайлов кодекси ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Бу ҳужжатнинг қабул қилинишига қандай зарурат бор эди?
– Ўзбекистон сайлов қонунчилиги бешдан ортиқ қонун ва кўплаб номатив-ҳуқуқийҳужжатлардан ташкил топган эди. Бу, албатта, ўзига яраша қийинчиликларни юзага келтираётганди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мана шу муаммога эътибор қаратди. Сайлов билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмагани қайд этиб,халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Қўйилган ушбу вазифадан кейин мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – ЎзбекистонРеспубликасининг Сайлов кодекси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, кодексни ишлаб чиқишда 20 тадан ортиқ давлатлар, хусусан Франция, Италия, Канада, Болгария, Беларусь, Озарбайжон, Болтиқбўйи давлатлари ва бошқаларнинг сайлов қонунчилигига доир тажрибалари бевосита ўша давлатларга бориб ўрганилди. 50 дан ортиқ давлатлар қонунчилиги эса таҳлил этилди.
Кодекс лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши баробарида халқаро ташкилотларга мустақил халқаро экспертиза учун тақдим этилди. Бу борада Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари, шунингдек, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитаси, ва бошқалардан фикр ва хулосалар олинди.
Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан мамлакатимизда уч юзга яқин тадбир ўтказилди. Уларда 30 мингдан ортиқ киши қатнашди, жами 450 дан ортиқ таклиф келиб тушди. Муҳими, уларнинг кўпчилиги кодексда ўз ифодасини топди.
Бугун жаҳонда икки юзга яқин давлат бор. Лекин халқаро норма ва стандартлар асосида ишлаб чиқилиб, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мос, пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган бундай мукаммал Кодекс яратиш саноқли мамлакатларгагина насиб этган.
– Сайлов кодексининг энг муҳим жиҳатлари ва ундаги янгиликлар нималардан иборат?
– Кодекснинг эн муҳим жиҳати – унинг халқчиллиги, деб бемалол айтиш мумкин. Унинг яратилишида нафақат сайлов бўйича тўпланган тажриба, балки халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий анъана ва қадриятлари ҳам унинг ғоявий мазмунига сингдирилгани бунга замин яратди.
18 боб, 103 моддадан иборат кодексни варақлаган одам ундан сайлов билан боғлиқ барча саволига жавоб топа олади. Содда ва тушунарли тарзда баён этилган меъёрларни оддий сайловчи ўқиса ҳам бемалол тушунади.
Кодексга кўра, сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилади.
Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда бўлмаган ўнлаб янги норма ва қоидалар жой олди, амалда бўлган айрим тартиб-қоидалар бекор қилинди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги 150 депутатлик ўрни сақлаб қолингани ҳолда, депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш тартиби бекор қилинди.
Эндиликда депутатликка номзод кўрсатиш фақат сиёсий партиялар томонидан амалга оширилади. Авваллари бундай имконият фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташаббускор гуруҳларда ҳам бор эди. Сиёсий партияларнинг нуфузини ошириш, улар ўртасидаги соғлом рақобатни кучайтириш нуқтаи назаридан шу тартиб жорий этилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловда илк бор кузатувчи сифатида иштирок этиб (бу таркибда барча нодавлат, нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ҳам бор), унинг холис, очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлашга ҳисса қўшади.
Яна битта янгилик, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади ва у кодекс билан тартибга солинади. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчилар бундан кейин бир ёки бир нечта номзодни ёхуд партияни қўллаб имзо қўйиши мумкин.
Қонунчилик палатасига, маҳаллий кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкалари тузилади. Сайловда овоз бериш вақти бошланиши илгари 6.00 да эди. Бу эса сайлов қиш кунлари участкаларда фаолият олиб борувчиларга, албатта, қийинчилик туғдирган. Шуни ҳисобга олиб ҳамда аҳоли таклифи асосида бу вақт 8.00 қилиб белгиланди.
Бўлажак сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтади. Ҳозирда асосий эътиборимиз – кодекс мазмун-моҳиятини халққа етказишда. Бу тизимли равишда бошлаб юборилди. Нафақат ушбу ҳужжат, балки сайловда ҳар бир киши тушунган ҳолда овоз бериши учун зарур ташвиқот ва тарғибот ишлари миқёси ҳам кенгаймоқда.
Сўнгги уч йил мамлакатимиз тарихида янги жараёнлар кечаётгани билан дунё жамоатчилиги эътиборини тортмоқда. Одамларимизнинг воқеликларга бўлган қарашлари ҳам бутунлай ўзгарди. Сайлов ҳам шунга монанд, яъни том маънода юксак демократик асосда ўтиши керак. Зеро, мамлакатда ўтган сайловнинг халқаро миқёсда тан олиниши, шу мамлакатга бўлган муносабатни белгилаб беради. Давлатнинг обрў-эътибори мустаҳкамланади, мамлакатга бўлган қизиқиш, хайрихоҳлик ошади. Бу эса, ўз ўзидан, хорижий инвестицияларга ҳам кенг йўл очади.