Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, сифати, ундан фойдаланишни тубдан оширишни таъминловчи ташкилотчилик ва молиялаштириш бўйича янги моделларни шакллантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Улар соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажмини белгилаш, “даволанган ҳолат” учун клиник харажатлар гуруҳлари бўйича тиббий хизмат тўловлари тизимини ҳамда аҳоли жон бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этишга йўналтирилади.
Ушбу ислоҳотларнинг ўзига хослиги ва уларни амалга ошириш муддатлари Ўзбекистон Республикасининг мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисидаги қонуни лойиҳасида баён этилган бўлиб, у regulation.gov.uz. меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилган. Янги қонун мамлакатимизда мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида лойиҳа хорижий мамлакатлар қонунчилик ҳужжатларини ҳамда мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш тадбирларини техник-иқтисодий асослаш таҳлилларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги айтилади. Айни пайтда у 42 моддани ўз ичига олган 5 та бобдан иборат. Қонун лойиҳасининг биринчи боби умумий қоидалар, аниқроғи, қонуннинг мақсадлари ва унинг амал қилиш соҳаларига бағишланади. Шунингдек, унда қонунда қўлланиладиган асосий тушунчалар, мажбурий тиббий суғурталашнинг мақсад ва вазифалари, асосий тамойиллари акс этган.
Қонун лойиҳасининг иккинчи бобида мажбурий тиббий суғурта субъектлари ва иштирокчилари, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланган.
Қонун лойиҳасининг тўртинчи боби унинг энг сермазмун боблардан биридир. Унда суғурта қилинган шахсларга тиббий хизматни кўрсатувчини танлаш, иккиламчи фикр ва махфийликни олиш ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Қонун лойиҳасининг якунловчи боби мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш бўйича жавобгарлик ҳамда мажбурий тиббий суғурталаш соҳасидаги мунозараларни ҳал этиш тартиби, қонунчиликни ишлаб чиқилган қонунларга мувофиқлаштиришга бағишланган моддаларни ўз ичига олади.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Эстония, Норвегия, Латвия, Туркия, Россия, Озарбайжон ва Қозоғистон каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Лойиҳани тайёрлаш ишига маҳаллий ва хорижий экспертлар, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари жалб қилинди. Қонун лойиҳаси манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари билан муҳокама қилинди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА