Давлат томонидан ажратилган адвокатга қанча миқдорда ҳақ тўланади?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2008 йил 26 ноябрдаги 8, 109-сон қарори билан тасдиқланган “Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
– Жиноят иши юзасидан фуқарога юридик ёрдам учун давлат томонидан адвокат ажратилганда, адвокатга қанча миқдорда ҳақ тўлаб берилади?
Жураев ДОСТОН, 
Олий суднинг Мурожаатлар билан ишлаш 
бошқармаси катта консультанти:
– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2008 йил 26 ноябрдаги 8, 109-сон қарори билан тасдиқланган “Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомига мувофиқ:
Суриштирув жараёнида, дастлабки тергов босқичида, биринчи инстанция судларида ва апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўрилаётган ишларда адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун тўлов ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Икки ва ундан ортиқ шахсларга битта жиноий иш бўйича адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун тўлов ҳар бир ишонч билдирувчига (ҳимоя остидаги шахсга) мазкур Низомнинг 6 ва 8 бандларида белгиланган тўлов миқдорининг 80 фоизи ҳисобида амалга оширилади.
Суд мажлисининг ҳар бир танаффус куни учун тўлов адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун мазкур Низомнинг 6 ва 7 бандларида белгиланган тўлов миқдорининг 50 фоизи ҳисобида амалга оширилади.
Дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун тўлов энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида, тунги вақтда эса энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган хизмат сафари ва транспорт харажатлари миқдори адвокатлик тузилмаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади ҳамда маълутномада кўрсатилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 

ЎзА