83 нафар магистрнинг 74 нафари давлат гранти асосида ўқийди
Шу кунларда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йили учун абитуриентлар рўйхатга олинмоқда.

Самарқанд вилоятидаги саккиз олий ўқув юртида ҳам бу жараён қизғин давом этмоқда. Шунингдек, жорий йилда янги очилган Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалларига ҳам бу йил талабалар қабул қилинади.

Қурилиш соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ҳам айни пайтда янгича тизим асосида абитуриентларни рўйхатга олишга киришилган.

– Янги ўқув йили учун институтимизда 18 таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида бакалаврлар тайёрлаш режаси 835 та (245 та давлат гранти, 590 та тўлов-контракт асосида) этиб белгиланган, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қабул комиссияси масъул котиби Ғулом Артиқов. – Бу таълим йўналишлари қаторига бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, “Интеръерни лойиҳалаш”, “Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича)”, “Урбанистика, шаҳарсозликни режалаштириш”, “Архитектура ёдгорликлари реконструкцияси ва реставрацияси” йўналишлари қўшилди. Қабул квоталари ҳам аввалги йилларга нисбатан ошди.

4.JPG

Ҳозир абитуриентлар институтимиз қабул комиссиясига келиб, учтагача таълим йўналиши бўйича тест синовларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтмоқда. Бу жараёнда улардан фақатгина паспорт, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эгалиги ҳақидаги ҳужжат, имтиёзга эга бўлганлар учун имтиёзни тасдиқловчи ҳужжат сўралмоқда. Мактаб, коллеж ёки академик лицейни аввалги йилларда битирган абитуриентлар (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан ташқари) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдоридаги тўловни амалга оширмоқда. Қабул ижодий имтиҳон асосида бўладиган таълим йўналишларида эса бундай тўлов ундирилмайди.

20 нафар оператор абитуриентларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатмоқда. Шу кунгача комиссиямиз орқали бакалаврият таълим йўналишларига 648 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Фан блоклари тўғри келадиган таълим йўналишларимиз кўплиги учун абитуриентларнинг аксарияти учта йўналишни ҳам институтнинг ўзидан танламоқда.

Ўқишга талабгорларнинг учтагача таълим йўналишини танлаб танловда иштирок этиши, албатта, абитуриентлар учун катта имконият. Шу билан бирга, бундан олий таълим муассасалари ҳам манфаатдор. Чунки танловда энг билимли, илмга чанқоқ ёшлар сараланиб, талаба бўлади.

6.JPG

Бу йил институтимизда етти йўналиш бўйича сиртқи таълим шакли учун 140 та ўрин ажратилган. Лекин бу чегара эмас, институт маъмурияти ички имкониятларидан келиб чиқиб, қўшимча контракт асосида ҳам талабаларни қабул қилиши мумкин. Сиртқи таълимдаги энг муҳим янгилик камида беш йиллик иш стажига эга ходимларнинг вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларнинг тавсияси билан имтиҳонсиз, суҳбат асосида ўқишга қабул қилинишидир. Бундай талабалар кейинчалик тавсия берилган тизимда беш йил ишлаб бериши керак бўлади.

Кейинги йилларда юртимизда олий таълим муассасалари илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор бу йилги магистратура мутахассисликлари бўйича қабул квоталарида ҳам ўз аксини топмоқда. Институтимиз мисолида айтадиган бўлсак, 16 мутахассислик бўйича ажратилган 83 та ўриннинг 74 таси давлат гранти ҳисобланади. Яъни магистр ўқиш учун пул топишни эмас, фақат илм ўрганишни, илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб боришни ўйлаши керак. Икки йил давомида шу соҳанинг етук мутахассиси сифатида маълумотга эга бўлиб, келгусида илмий фаолиятни давом эттириши зарур. Бундан ташқари, магистратурага ҳужжат қабул қилишдаги айрим чекловлар (бакалаврнинг қайси йўналишда таҳсил олганлиги) бекор қилинди.

– Бу йил учинчи бор ҳужжат топширишим, – дейди пастдарғомлик Машраб Асқаров. – Ҳужжат топшириш жараёнидаги узундан-узоқ навбат кутишлар сабабли шу ернинг ўзида баъзи қинғирликлар бўларди. Қабул комиссиясидагилар унинг кам, бунинг кам деб сарсон қилганларини ҳам кўрганман. Мана, паспорт ва диплом билан келиб ҳам ҳужжат топширса бўларкан. Бундай имкониятлар яратилганини эшитиб, тўғриси, ишонмагандим. Аммо бугун ўзим шу жараёнда қатнашиб, ишонч ҳосил қилдим.

12.JPG

Дарвоқе, бу йил абитуриентлар Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университети, Фарғона давлат университети ҳамда Самарқанд давлат университети бакалаврият таълим йўналишларига ўқишга кириш учун давлат хизматлари марказлари орқали ҳам рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги давлат хизматлари марказларида ҳам ушбу хизмат йўлга қўйилган. Абитуриентлар қимматли вақти ва маблағини тежаб, ушбу марказлар орқали рўйхатдан ўтмоқда.

– Шу пайтгача марказимиз орқали 188 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди, – дейди Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Азиз Собиров. – Кейинги кунларда бундай хизматдан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар кўпаймоқда. Бунинг учун марказда барча зарур шароит яратилган. Фақатгина абитуриентларга хизмат кўрсатиш учун ходимлар ажратилган. Ҳозиргача энг кўп мурожаат Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан тушди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат)