Инсон саломатлиги дунёдаги барча халқлар учун бебаҳо бойлик саналади. Бу соғлом шахсгина ҳаётда ўз ўрнини топиши, оила қуриши ва жамиятга, мамлакат равнақига ҳисса қўша олишини тасдиқлайдиган ўзгармас ҳақиқатдир.
Светлана ИНОМОВА,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди
бошқаруви раиси.
Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Соғлиқни сақлаш масаласи ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор бўлиб, бу борадаги муаммолар аҳолининг саломатлигига, охир-оқибатда жамиятнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатадиган соҳадир».
Мамлакатимиз аҳолисига мунтазам сифатли тиббий хизмат кўрсатишда биринчи галда давлат томонидан берилган эътибор, яратилаётган шарт-шароит, кенг имкониятларга эга тиббий муассасалар ҳамда малакали мутахассисларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, мана бир неча йиллардан буён, юртдошларимиз, биринчи галда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган ислоҳотларда анчайин фаол. Фонд оилаларнинг яшаб турган жойидаги санитар-гигиеник шароитини, оиладаги руҳий ҳолатни ўрганиб, оила аъзоларининг, айниқса, аёллар ва болаларнинг саломатлигини текшириб, уларга тиббий, ижтимоий, руҳий ҳамда иқтисодий ёрдам йўналтиришга хизмат қилади.
Фонднинг Тиббий-ижтимоий патронаж кўчма бригадаларининг манзилли хизмати орқали ҳам кўплаб оилалар, аҳоли соғлиғи кўрикдан ўтказилиб, мустаҳкамланмоқда.
Инсонга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар, оналар соғлиғини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш инсоният олдидаги улуғ вазифа саналади. Бундай ёрдам энг зарур пайтда ва ҳеч бир манфаатсиз амалга оширилганда эса янада аҳамият касб этади. У орқали нафақат беморлар, балки минглаб-миллионлаб инсонлар кўнгли тоғдек юксалади. Шу маънода “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида кўплаб хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жисмонан етук, маънавий юксак фарзандларни тарбиялашни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза килувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун юксак масъулият психологиясини шакллантириш фонднинг муҳим вазифаларидандир.
2019 йилнинг 6 ойи мобайнида туғма юрак нуқсони бор 200 нафар бемор бола учун республикамиз клиникаларида Германиянинг «Peace Village International» халқаро ташкилоти грант маблағлари ҳисобидан, 40 нафар ана шундай бемор болага Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижтимоий буюртмаси грант маблағлари ҳисобидан зарурий тиббий ашёлар сотиб олинди. 2019 йил 13-16 февраль кунлари 10 нафар бола Германия клиникаларига даволанишга юборилди. Шу даврда илгари даволанишга юборилган 6 нафар бемор бола ота-оналари бағрига қайтиб келди. Ҳозир Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 57 нафар, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 13 нафар, Хоразм вилояти кардиология маркази ва Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам бемор болаларни операция қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Фондимиз томонидан Корея Республикасининг “Severance” госпитали қошидаги “Марказий Осиёда пластик жарроҳлик таълими” фондига мурожаат қилинган, унда куйишдан кейинги асоратларни, шунингдек, лаб-танглай туғма жароҳатларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни даволаш учун тиббиёт ходимлари ва шифокорлардан тузилган делегация ташрифи ташкил этилиши сўралган эди.
2019 йил 30 майдан 4 июнгача Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кореялик ва маҳаллий мутахассислар биргаликда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан келган 280 нафар бемор болани тиббий кўрикдан ўтказди ва улардан 43 нафари операция қилинди.
Хорижлик ҳамкорлар ҳамда маҳаллий ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган бундай эзгу ишларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мақсадимиз ҳар бир оилага қувонч, болажонларга соғлом ҳаёт бағишлашдир. Ахир соғлом ҳаётга қайтган ўғил-қизларнинг кўзларидаги қувонч, уларнинг ота-оналари қалбидаги хурсандчиликни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди.
ЎзА