Ўзбекистонда илм-фанга оид грант лойиҳаларига дастлабки хусусий инвестиция киритилди

2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Буюк Британиянинг «PETROMARUZ» компаниялар гуруҳи ўртасида нефть-газ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлашга оид ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мамлакатимизда илмий фаолият асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Илмий-тадқиқот ишларини замон талабларига мос жадал ривожлантириш, ушбу соҳага хусусий секторни жалб этиш мақсадида имзоланган мазкур келишув иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига доир илмий-тадқиқотларни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Музокара натижасида ҳамкорликдаги дастлабки илмий-техник лойиҳалар танловлари учун «PETROMARUZ» компаниялар гуруҳи 3-4 миллиард сўм, йил охиригача 15 миллиард сўм маблағ ажратишга, ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам шунча миқдорда улуш киритишга келишилди.
photo5249378586622798474.jpg
«PETROMARUZ» билан биргаликда илмий-тадқиқот ишлари йўналишлари аниқланиб, ўзаро молиялаштириш учун лойиҳалар танловига мавзулар шакллантирди. Хусусан, нефть ва ёқилғи, пахтани қайта ишлаш, архитектура ва қурилиш йўналишларида жами 11 та илмий-тадқиқот лойиҳалари мавзулари тузилди. Бу вазирлик ва компания ўртасидаги ҳамкорликнинг дастлабки босқичи бўлиб, кейинчалик турли соҳалар бўйича яна лойиҳалар танловлари эълон қилиб борилади.
Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда илмий-тадқиқотлар учун ажратилаётган маблағларнинг тахминан 60 фоизи саноат компаниялари улушига тўғри келади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич атиги 8 фоизни ташкил этади.
– Мамлакатимизда илм-фан соҳасига хусусий секторнинг қизиқиши ортмоқда, – деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Илмий-тадқиқотларни амалга оширишга хусусий инвестицияларни жалб этиш вазирлигимиз олдига қўйилган вазифалардан бири бўлиб, илм-фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик интеграциясига яққол мисолидир. Ҳозир юртимизда кластерлар тизимини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Ушбу кластерларга аниқ лойиҳалар устида ишлаётган олимларнинг бириктириб қўйилиши уларни ривожлантиришга замин яратади.
Саноатнинг етакчи тармоқларида фаолият юритадиган ўнлаб корхонани бирлаштирувчи «PETROMARUZ» компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси Муртазо Раҳматов кластерлар тизими ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтараётганини таъкидлади. Хусусан, Бухорода ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қисқа муддатда ўз самарадорлигини кўрсатди.
– Фаолиятимизни янада кенгайтиришимиз учун бизга олимларнинг ёрдами керак, – деди Муртазо Раҳматов. – Негаки, технологиялар жадал ривожланаётган бугунги кунда илм-фан натижаларини қўлламай самарадорликни ошириш, ишлаб чиқаришдаги муаммоларни бартараф этиш мумкин эмас.
Инновацион ривожланиш
вазирлиги матбуот хизмати.

 

ЎзА