2019 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмоновнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият юритишини яхшилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги масала юзасидан ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан мамлакатимизда амбулатория-поликлиника ва стационар тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг ўзаро интеграциясини таъминлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқларидан келиб чиқиб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият юритишини яхшилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли бу борада муайян ўзгаришлар сезилмоқда. Вазир ахборотида “Электрон соғлиқни сақлаш” норматив ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, интеграциялашган ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, тиббиёт ташкилотларида ахборот тизимлари, илғор ахборот технологиялари, дастурий маҳсулотларини яратиш, вазирликнинг ахборот тизимлари, ресурс ва маълумотлар базасининг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.
Депутатлар томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг стационар хизмати билан интеграциясини таъминлаш йўналишида ҳам қатор муаммолар борлиги қайд этилди. Хусусан, ягона электрон маълумот алмашинув тизимининг мавжуд эмаслиги, фаол патронажни амалга ошириш учун хизмат радиуси катта бўлган муассасаларга транспорт воситаларининг ажратилмагани бу борадаги муаммоларга жиддий эътибор қаратишни талаб этади.
Депутатлар ҳудудлардаги сайлов округларига чиқишлари давомида кузатган, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясида ахборот-коммуникация технологиялари ва «электрон соғлиқни сақлаш»ни кенг жорий этиш белгиланган бўлса-да, бироқ бу борадаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаганини танқид қилдилар. Бундан ташқари, жойларда электрон ҳужжат айланишини жорий этиш орқали иш жараёнини мақбуллаштириш, узоқ масофадан туриб навбат олиш каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаётгани билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилди.
Шундан келиб чиқиб, вазир томонидан стационар ва амбулатор-поликлиника муассасаларини компьютер техникаси билан жиҳозлаш, оптик толали тармоқ билан таъминлаш, ягона интернет тармоғига улаш, электрон дастурни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш, амбулатор-поликлиника муассасаларида кундузги шифохоналарни ташкиллаштириш бўйича шароитлар яратиш (хона, жиҳоз, штатларни кўпайтириш), даволанган ҳолат бўйича молиялаштириш, кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми, мажбурий тиббий суғурта тизимларини жорий қилиш, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига асбоб-ускуналар билан таъминлашнинг молиявий манбаларини аниқлаш кабилар масаланинг ечими сифатида тақдим қилинди.
“Ҳукумат соати”да бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ва Боёвут туманида намунали тарзда ташкил этилаётган ишларни юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати
ЎзА