Президентимиз фуқаролик авиацияси аэропорти қурилиши билан танишди

Шавкат Мирзиёев “Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида барпо этилаётган аэропортни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил мазкур лойиҳа билан танишиб, фуқаро авиацияси тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берган, мамлакатимизда ишбилармонлик авиациясини жонлантириш кераклигини таъкидлаган эди.
Бугунги кунда аэропорт ҳудудида 4 километр узунликдаги 2 учиш-қўниш йўлаги, 20 самолёт учун перрон қурилмоқда.
Аэропорт иккита терминалдан иборат бўлади. Биринчи терминалда давлат раҳбарлари ва ҳукумат делегацияларига, иккинчи терминалда соатига мингта VIP-йўловчига хизмат кўрсатадиган бино ва иншоотлар барпо этилади. Кунига 100 тонна юкни қайта ишлаш, “Боинг-787” ва “А-320” самолётлари ва “МИ-8” русумдаги вертолётга техник хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилади.
Қурилиш ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмаси асосида “Транс йўл қурилиш махсус пудрат” МЧЖ, “Қурилиш-монтаж трести” ва “Тошкент кўприклардан фойдаланиш” унитар корхоналари томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича комплекс ишларни бажариш учун Швейцариянинг “B and Contractors S.A.” ва “IT Engineering S.A.” компаниялари билан шартнома имзоланган.
Лойиҳанинг биринчи босқичини 2020 йилда якунлаш режалаштирилган.
Президентимиз бу ердаги қурилиш жараёнлари билан танишиб, чет эллик мутахассислар билан суҳбатлашди. Аэропортни узоқни ўйлаб, сифатли ва хавфсиз қилиб қуриш зарурлигини таъкидлади.
1.jpg
2.jpg
3.jpg
4.jpg
5.jpg

 

Умар АСРОРОВ, ЎзА