Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожланишини инобатга олган ҳолда ер усти халқа метро линияси ва замонавий кўприк қурилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 1 июнь куни пойтахтимизнинг Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасидаги уч қаватли кўприк лойиҳасини кўздан кечириб, уни замонавий технологиялар асосида сифатли бунёд этиш, коммуникация тармоқларини жойлаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берган эди. Бу сафарги ташриф чоғида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача юртимизда уч қаватли кўприк қурилмаган. Мутахассислар фикрича, пойтахтимизнинг энг гавжум чорраҳаларидан бирида қад ростлаётган бу кўприк тирбандликни анча камайтиради. Айни пайтда янги транспорт боғламаси Тошкент шаҳридан Чорвоққа олиб борувчи йўлни 22 километргача қисқартириб, шу тариқа Чорвоқ ва Чимён ҳудудларини ривожлантиришга замин яратади.
Кўприк лойиҳасини “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари ишлаб чиққан. Қурилиш ишларини “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси бажармоқда.
Лойиҳага кўра, биринчи босқичда Паркент ва Оҳангарон шоссесига ўтувчи қисмда узунлиги 502 метр, кенглиги 26,7 метрли туннель қурилмоқда. Туннель баландлиги жаҳон стандартларига мос равишда 5,5 метр бўлиб, икки йўналишда автомобиллар 3 қаторда ҳаракатланади.
Иккинчи босқич доирасида Қорасув даҳасидан Махтумқули кўчасига чиқувчи йўлнинг мазкур туннель устидан ўтган қисмида айланма кўприк қуриш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу кўприк орқали тўрт йўналишда ҳаракатланиш мумкин бўлади.
Кейинги босқичда эса учинчи қават барпо этилиб, у Махтумқули ва Темур Малик кўчаларини туташтиради. Бугун унинг пойдевори қурилмоқда. Йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 593, кенглиги 30 метрни ташкил этади, автомобиллар 6 қаторда ҳаракатланади.
Шунингдек, Тошкент механика заводида таъмирланган самолётларни ишбилармонлик аэропортига олиб бориш учун йўл ўтказгич қурилмоқда.
Бунёдкорлик ишларига 190 дан ортиқ махсус техника ва автотранспорт воситаси, 220 дан ортиқ қурувчи сафарбар этилган. Иншоотни 2019 йил якунига қадар якунлаш режалаштирилган.
Шу ерда Президентимизга Тошкент ер усти ҳалқа метро линияси қурилиши жараёни ҳақида маълумот берилди.
Узунлиги 52,1 километр бўлган 35 бекатли мазкур метро лойиҳасининг қиймати 422,3 миллион долларга тенг. Электропоезд халқа йўлини 1 соату 10 дақиқада айланиб чиқади. Унинг ўртача тезлиги 40 километр/соат, конструктив максимал тезлиги 80 километр/соатга тенг бўлади.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил июль ойида ушбу қурилиш жараёни билан танишиб, бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берган эди.
Лойиҳа беш босқичда амалга ошириляпти. Дастлаб «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисм қурилади. 11 километрлик масофада 8 бекат бунёд этиш мўлжалланган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекати боғланади. Сўнг «Беруний» бекатигача қатновлар йўлга қўйилади. Ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса халқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади.
Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 317,3 миллиард сўмлик капитал қўйилмаларни ўзлаштириш, жумладан, 257,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариш режалаштирилган.
Бугунги кунда “Дўстлик» – Қўйлиқ йўналишида қурилиш жадал давом этмоқда. «Дўстлик» бекати билан «Роҳат» айлана йўли оралиғида 91 ҳандақ қазилган, 191 бетон қоплама тайёрланган. 190 та биринчи поғона ва 189 та иккинчи поғона темир-бетон пойдевор қурилган, 173 таянч устуни, 57 темир-бетон ригель, 191 балка ўрнатилган. Электропоездларнинг “Ўзбекистон” депосига ўтиши учун 850 метрли ер ости йўлининг 158 метри қурилган, 223 метрли таянч деворни монтаж қилиш ишлари тўлиқ якунланган.
Шу билан бирга, «Роҳат» айлана йўлидан «Қўйлик» бекатигача бўлган оралиқда 150 ҳандақ қазилган, 150 бетон қоплама тайёрланган. 150 та биринчи поғона ва 150 та иккинчи поғона темир-бетон пойдевор қурилган. 150 таянч устуни, 104 темир-бетон ригель, 104 балка ўрнатилган, 157 метрли таянч деворни монтаж қилиш ишлари ниҳоясига етказилган.
Бунёдкорлик ишларига 1000 нафар муҳандис ва ишчи, 300 дан ортиқ техника воситаси жалб қилинган. Метро қурилиши “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
– Шаҳар аҳолисининг кўп қисми ва пойтахтимизга келганлар жамоат транспортидан фойдаланади. Лекин ҳозирча тўла қулайлик таъминланмаган. Одамларнинг норозилиги шундан. Мана, қанча уйлар қуриляпти, шаҳар ривожланяпти, яна ривожланади. Шуларни инобатга олиб, шаҳар жамоат транспортини аҳолига қулай, арзон, хавфсиз қилиб беришимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ушбу ер усти линиясини Тошкент метрополитени ва автобуслар йўналишлари билан оқилона интеграциялаш, юкламадан келиб чиқиб аҳолига қулайликларни ошириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА