Уч қаватли марказ лойиҳаси шарқона услубда бўлиб, ундан маросимлар ва вақтинчалик кўргазмалар заллари, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни таъмирлаш бўлимлари, дўконлар, музей омборлари, хизмат хоналари ўрин олади. Иккинчи қаватда кутубхона, 550 ўринли анжуманлар зали, бинонинг симметрик марказида Усмон Қуръони зали жойлашади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.
Президентимиз қурилишни кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари учун танланган намуналар билан танишди. Ушбу марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини ўрганадиган, динимизнинг асл моҳиятини халқимизга етказадиган илмий-маърифий маскан бўлиши кераклиги таъкидланди.
– Юртимиздаги еттита ўрта махсус диний билим юрти ва иккита олий таълим муассасаси бу ерда “қайнаши керак”, уларга ҳам жой бериш керак. Чунки келгусида илм шу ерда бўлади, талабалар олган билимини марказдаги буюк аждодларимиз меросига оид қимматли далиллар билан мустаҳкамлайди, – деди давлатимиз раҳбари.
– Бу марказ орқали миллатимизнинг илм-маърифат, маданият ривожига қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.