Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити бошланди

Душанбе, 15 июнь. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.
Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Наврўз” саройида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити бошланди.
Унда кенгашга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларидан иборат 30 дан зиёд делегация иштирок этмоқда.
Тадбир олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Дастлаб делегациялар раҳбарлари суратга тушиш маросимида қатнашди. Тожикистон раҳбари саммитни кириш сўзи билан очди.
ОҲИЧК қитъамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ва халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган халқаро форумдир.
Кенгашга бугунги кунда минтақа ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 давлат аъзо. Саккиз мамлакат ва бешта нуфузли халқаро тузилма, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси унинг кузатувчиларидир.
Ўтган йилларда ушбу тузилманинг Қозоғистон, Туркия ва Хитой раислигида тўртта саммити бўлиб ўтган. Бу галги учрашув “Хавфсиз ва янада равнақ топган минтақа сари ягона ёндашув” мавзусида ўтказилмоқда.
Мажлисда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризмнинг барча шакл ва кўринишларига, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ёндашувни ишлаб чиқиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби доир долзарб масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиш режалаштирилган.

 

ЎзА