Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадаллашаётганини мамнуният билан қайд этди.
Охирги икки йилда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт раҳбари мамлакатимизга учинчи бор ташриф билан келгани ўзаро алмашинувлар фаоллашганидан далолат беради.
Ўтган йил октябрь ойида банкнинг Ўзбекистон бўйича мамлакат стратегияси қабул қилинди. ЕТТБ экспертлари кўмагида энергетика, банк ва молия соҳалари, капитал бозорини ривожлантириш ва мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш бўйича ислоҳотлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.
Қўшма лойиҳалар портфели кенгаймоқда. Заём келишувлари имзоланиб, қиймати жами 600 миллион доллардан зиёд кредит маблағларини жалб этган ҳолда мамлакатимиз ҳудудларида энергетик ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор инвестиция лойиҳалари тайёрланмоқда. Хусусий сектор лойиҳаларига 100 миллион доллардан зиёд инвестиция киритилди.
Бундан ташқари, умумий қиймати 800 миллион долларга яқин бўлган ижтимоий аҳамиятга молик истиқболли дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
ЕТТБнинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси фаол ишламоқда, унинг Андижон шаҳрида ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида филиалларини очиш режалаштирилган.
Учрашувда амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини ва кредитларни ўзлаштиришни тезлаштириш, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантиришга кўрсатилаётган кўмакни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгашини ташкил этиш ва унинг биринчи мажлисига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ЕТТБ раҳбари самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг суръати, кўлами ва амалий натижаларини юксак баҳолади.
Сума Чакрабарти Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон Республикаси билан кўп қиррали шерикликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва давом эттириш борасида қатъий эканини таъкидлади.